Бугун 30 июнь, 2024 йил, якшанба

O'ZB

АҚШ ва Хитой норасмий ядровий музокаралар ўтказди

АҚШ ва Хитой норасмий ядровий музокаралар ўтказди

Америка Қўшма Штатлари ва Хитой сўнгги беш йил ичида биринчи марта ядровий қуроллар бўйича ярим расмий музокаралар ўтказди. Бу ҳақда “Reuters” икки америкалик делегатга таяниб хабар берди.

Музокаралар, агар тинч йўл билан бирлашиш имкони бўлмаса, расмий Пекин томонидан Тайвань оролини ҳарбий йўл билан бўйсундиришга ишора қилувчи омиллар охирги пайтда урчиганлиги фонида олиб борилди. Маълумотларга кўра, АҚШ ва Хитой мазкур масала бўйича алоқаларни жорий йилнинг март ойида бошлаган.

АҚШ расмийлари Хитой Тайвань бўйича можарода мағлубиятга учраса, ядро қуролидан фойдаланиши ёки ишлатиш билан таҳдид қилиши мумкинлиги ҳақида хавотир билдирган. Хитой вакиллари эса бу масала юзасидан ҳеч қандай хавотирларга ўрин йўқ эканини иккинчи томонга маълум қилган.

“Улар АҚШ томонига ядро қуролидан фойдаланмасдан Тайвань устидан анъанавий курашда ғалаба қозонишга қодирлигига мутлақо амин эканликларини айтишди”, дейди ушбу музокараларда Қўшма Штатлар вакили сифатида иштирок этган олим Дэвид Санторо.

Шанхай меҳмонхонаси конференция залида бўлиб ўтган ушбу учрашувнинг норасмий ёки ярим расмий дейилишига сабаб, унда қатнашган иштирокчилар орасида расмий вакиллар қаторида собиқ амалдорлар ва академиклар ҳам бўлган. Хусусан, Вашингтондан ўнга яқин расмий делегатлар, жумладан собиқ амалдорлар ва олимлар иштирок этган. Пекин эса олим ва таҳлилчилардан иборат делегация юборган.

АҚШ Давлат департаменти вакили “Reuters”нинг саволларига жавобан, бу конференция расмий музокара ўрнини боса олмаслигини таъкидлашига қарамай, мазкур саъй-ҳаракатлар икки давлат учун фойдали бўлиши мумкинлигини айтди.

Хитой делегацияси аъзолари ва Мудофаа вазирлиги эса бу воқелик ҳақидаги сўровларга жавоб бермаган.

Киритилди: 02:00 23.06.2024. Ўқилди: 1002 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!