Бугун 26 февраль, 2024 йил, душанба

O'ZB

АҚШ Украина бўйича махфий стратегия тайёрлади

АҚШ Украина бўйича махфий стратегия тайёрлади

АҚШ давлат департаменти Украинада ислоҳотлар ўтказишга доир махфий стратегия тайёрлади. Бу ҳақда Politico нашри хабар берди.

Таҳририят ихтиёридаги ҳужжатга кўра, президент Жо Байден маъмурияти Владимир Зеленский ҳукуматидан биринчи навбатда коррупцияга қарши курашни кучайтиришни кутмоқда.

Юқори эшелонлардаги коррупция ҳарбий давр маъмуриятига нисбатан Украина жамоатчилиги ҳамда хорижлик етакчиларнинг ишончига рахна солиши мумкин, дейилади ҳужжатда.

Қайд этилишича, ғарблик ҳамкорлар Украинага йўлланаётган катта миқдордаги молиявий кўмак ўз манзилига етиб бормаслиги ва коррупцион схемалар орқали ўзлаштирилишидан хавотирда.

Расмий Вашингтон ҳам бу борадаги хавотирини ошкора тарзда билдирмаётган бўлса-да, мазкур масала Киев билан махфий мулоқотларда мунтазам равишда кўтарилмоқда.

Politico нашрининг ёзишича, Украинадаги порахўрлик АҚШ мулозимлари, жумладан, президент Байденда анчадан буён ташвиш уйғотиб келмоқда. 2022 йил февраль ойида Россия босқини бошлангач, бу масала иккинчи планга ўтган эди.

Янги стратегияда эса Киевга коррупцияга қарши аёвсиз курашиш бўйича талаблар илгари сурилган. Энергетика ва кончилик секторларини олигархлардан холи қилиш тавсияси ҳам мавжуд.

Байден маъмурияти Киев ҳукуматига коррупцияга қарши кураш шартини қўяётгани сабабларидан яна бири бу – Республикачилар партиясининг талабидир. Сир эмас, Байден бошчилигидаги демократларга мухолиф бўлган республикачилар Украинага моддий ва ҳарбий кўмакни камайтириш ниятида. Куни кеча АҚШ қонунчилик идорасида тасдиқланган ҳукуматни муваққат молиялаштиришга доир ҳужжатда ҳам Украинага ёрдам назарда тутилмаган.

Жорий йил май ойида Украина Олий суди раҳбари Всеволод Князев 2,7 миллион доллар пора олаётган вақтида қўлга олинди.

Яқинда президент Владимир Зеленский мудофаа вазирлиги тизимидаги бир қатор мулозимларни коррупцион айбловлар ортидан ишдан бўшатди.

Таҳлилчилар сиёсий ва ҳарбий тузилмаларда тозалашлар давом этиши, бу Киевнинг ғарблик ҳамкорлар талабини инобатга олаётгани белгиси эканини айтмоқда.

Махфий стратегияга Украинадаги давлат банкларини хусусийлаштириш, мудофаа тизимини НАТО стандартларига мослаштириш каби бандлар ҳам киритилган.

Киритилди: 16:09 03.10.2023. Ўқилди: 3549 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!