АҚШ президенти Дональд Трамп яна бир бор Венесуэлага нисбатан янги ҳарбий зарбалар берилиши мумкинлигини айтди.
Нью-Йоркдан Вашингтонга қайтиб келар экан, журналистлар саволларига жавоб берган Трамп Кариб денгизи ҳудудида “наркокартелларга қарши кураш” учун жўнатилган АҚШ ҳарбий кемалари ўз фаолиятини давом этаётганини таъкидлади.
“Венесуэладан жуда кўп гиёҳванд моддалар келмоқда. Tren de Aragua тўдаси аъзолари ҳам кўплаб кириб келмоқда. Улар қочишга уринмоқда, лекин биз уларни чегарада муваффақиятли тўхтатяпмиз”, — деди Трамп.
Президентга эҳтимолий ҳарбий зарба ҳақида берилган саволга у, агар Кариб денгизи сувларида гиёҳванд моддалар билан боғлиқ кема топилса, зарба бериш имконияти истисно қилинмаслигини очиқ айтди.
Каракас “балиқ овловчи кема” деб атаган воқеага изоҳ берган Трамп, АҚШда кема наркотик моддалар ташиганини тасдиқловчи разведка маълумотлари мавжудлигини билдирди.
Бироқ у Венесуэла ҳудудига тўғридан-тўғри ҳарбий зарба бериш эҳтимоли ҳақида аниқ жавоб беришдан тийилди.
Аввалроқ Трамп Лотин Америкаси наркокартелларига қарши курашда қўшинлардан кенгроқ фойдаланишни назарда тутувчи фармонни имзолаган эди.
Август ойи охирида АҚШ Венесуэла қирғоқларига USS Gravely, USS Jason Dunham ва USS Sampson номли учта ҳарбий кемани жўнатди.
Бунга жавобан президент Николас Мадуро 4,5 миллион милиция сафарбар қилинганини ва ҳар қандай ҳужумга қарши туришга тайёрлигини эълон қилди.
Шу билан бирга, АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет Америка қўшинлари Венесуэлада режимни ўзгартириш операциясига ҳам тайёр эканини маълум қилди.