Бугун 20 сентябрь, 2026 йил, якшанба

O'ZB

АҚШ Эронда ҳарбий жиноятлар содир этишда айбланмоқда

АҚШ Эронда ҳарбий жиноятлар содир этишда айбланмоқда

Эрондаги тинч аҳоли вакиллари АҚШ ва Исроилнинг ҳужумлари оқибатида жиддий азият чекмоқда. Бу ҳақда БМТнинг Эрондаги ҳодисаларни тафтиш этиш бўйича миссияси хулосасида сўз боради. Ушбу ҳисобот БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 63-сессиясида тақдим этилган.

Қўшма Штатлар Эронга ҳужумлар чоғи тинч аҳоли ўлими, жароҳатланиши ва фуқаровий объектларнинг зарар кўришига сабаб бўлган. Таҳлиллар АҚШ Эрондаги объектларга фарқламаган ҳолда зарбалар йўллаш орқали ҳарбий жиноятлар содир этганини тахмин этишга асос бермоқда.

БМТ миссияси Миноб туманидаги «Шажарайи Тоййиба» мактабига Tomahawk ракеталари билан зарба берилиши оқибатида 150 дан зиёд киши, жумладан, болалар ҳалок бўлганига эътибор қаратган. Шунингдек, Ламард шаҳридаги спорт мажмуаси ва тураржой бомбаланиши оқибатида 22 нафар тинч аҳоли вакили ҳаётдан бевақт кўз юмган.

Таъкидланишича, тинч аҳоли вакиллари ўлимига сабаб бўлган шахслар жазоланиши, жабрдийдаларнинг яқинларига товон пули тўланиши ва бундай ҳолат бошқа такрорланмаслиги учун зарур чоралар кўрилиши лозим.

БМТ миссияси, шунингдек, Эрон ҳукуматининг норозилик намойишларини бостиришга қаратилган репрессив хатти-ҳаракатларини ҳам танқид қилган. Ҳисоботга кўра, 2025-2026 йилларда норозилик намойишларини бостириш пайти жанговар қуроллар ишлатилган, оммавий ҳибслар амалга оширилган, қатл ҳукмлари сони кескин ошган.

«Шажарайи Тоййиба» мактабининг бомбаланиши халқаро ҳамжамиятнинг кескин эътирозига сабаб бўлди.

Маълумот ўрнида: Миноб туманидаги мазкур мактаб АҚШ ва Исроил Эронга қарши уруш бошлаган 28 феврал куни бомбардимон қилинган эди. Айни дарс вақти уюштирилган ҳужум оқибатида 160 га яқин ўқувчи ва ўқитувчилар ҳалок бўлган, мактаб биноси эса бутунлай вайрон бўлган.

ЮНЕСКО ҳодисани халқаро гуманитар ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилиши деб қоралаган.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Тюрк мактаб бомбаланиши оқибатида ўқувчилар ҳалок бўлиши ҳолатини тезкорлик билан, холис ва ҳаққоний тарзда тафтиш этишни талаб қилган.

Amnesty International ташкилоти «Шажарайи Тоййиба» мактаби бомбаланиши оқибатида бегуноҳ инсонлар ўлдирилиши учун жавобгарлик АҚШ зиммасида деб баёнот берган.

«Ушбу ҳодиса Америка қўшини ҳужум уюштиришда тинч аҳоли вакилларига зарар етмаслиги учун керакли чораларни кўриш қобилиятидан маҳрум эканини кўрсатади ва бу халқаро гуманитар ҳуқуқнинг жиддий равишда бузилишидир», — деб ҳисоблайди халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти.

Яқинда АҚШ ҳарбийлари Эрон жанубидаги тўй маросимига зарба бергани ҳақида ҳам хабар тарқалди. Ҳодиса 1 сентябр куни Эроннинг Ҳўрмуз бўғози соҳилидаги Сирик туманида содир бўлган. Эрон давлат телевидениеси маълумотига кўра, ҳужум оқибатида 5 киши ҳалок бўлган, камида 68 киши жароҳатланган.

Киритилди: 16:30 19.09.2026. Ўқилди: 411 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!