АҚШ ҳукумати сўнгги 35 йил ичида илк бор принципиал жиҳатдан янги B94 ядровий авиация бомбасининг кодли номини расман ошкор қилди. Тахминларга кўра, у чуқур жойлашган ерости иншоотларини йўқ қилиш учун мўлжалланган.
Бу ҳақда War Zone (TWZ) ихтисослашган портали маълум қилган.
«Сенатнинг бюджет ажратиш қўмитаси ўнлаб йиллардан бери илк бор эркин тушувчи ядровий авиация бомбасининг мутлақо янги белгисини ошкор қилди», — дейилади нашрда.
Нашр баҳолашича, бундай қуролни ишлаб чиқиш зарурати АҚШнинг эҳтимолий рақиблари муҳим қўмондонлик пунктлари, ракета шахталари ва ҳарбий инфратузилмаларини фаол равишда ер остига жойлаштираётгани билан боғлиқ.
B94 индекси АҚШ Сенати қўмитасининг 2027 молиявий йили учун Энергетика вазирлигини молиялаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасига илова қилинган тушунтириш хатида аниқланган. Ушбу мақсадлар учун қўшимча равишда 77,108 миллион доллар ажратилмоқда.
«B94 бомбаси айнан қандай кўринишда бўлиши ҳали тасдиқланиши керак», — деб қайд этади нашр.
Экспертлар ушбу қарор Вашингтон учун муҳим қадам эканини таъкидламоқда. СССР парчаланганидан ва 1991 йилда шунга ўхшаш лойиҳалар тўхтатилганидан бери АҚШ эркин тушувчи ядровий ўқ-дорилар учун янги индекслар бермаган. Мамлакат шу вақтга қадар ўз ядровий арсеналини Совуқ уруш давридаги қуролларни модернизация қилиш орқали янгилаб келган.