Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Антиқа қасос: Самарқандда йигит "уйланганини" кейин билди. Аммо қанақасига?

Антиқа қасос: Самарқандда йигит "уйланганини" кейин билди. Аммо қанақасига?

...Дилшодга фуқаролик паспорти зарур бўлиб қолди. Муҳим иш бошламоқчи. Аммо излаб тополмади. Ўзи шунақа бўлади, жуда керак бўлганида топилмайди. Эртаси куни ҳам шу аҳвол. 

Бошқа чора қолмади, туман ички ишлар бўлимига борди. 3-4 ойлардан бери ҳужжатини тополмаётганини, йўқолгани учун ўрнига янгисини беришларини сўради. Унинг талаби қондирилиш жараёнида ички ишлар ходимининг маълумоти капалагини учириб юборди: 
– Яқиндагина никоҳдан ўтган экансиз-ку?!
– Никоҳ? Қанақа никоҳ? Мен уйланмаганман!..
– Дилшод Элмуродов ҳақиқатан сизмисиз?
– Худди шундай.
– Нигора  Арслонова  билан қонуний эр-хотинсиз. Туман ФҲДЁдан шу ойнинг 25 санасида қонуний никоҳдан ўтгансиз...
– Қанақасига, мен ҳеч қандай Нигорани танимайман, ахир?!
ФҲДЁ идорасига боргунича шуларни ўйлаб ўйига етолмади. 
Мудирага ўзини таништириб, қўлидаги янги паспортини кўрсатди. Мудира ҳам ўша фикрларни тасдиқлади ва тегишли ҳужжатларни кўрсатди. Унинг айтишича, ўтган ойда  Нигора Арслонова ва Дилшод Элмуродов  исм-фамилияли шахслар органга ариза билан мурожаат қилган, уларга берилган йўлланма асосида ёшлар тиббий кўрикдан ўтиб келишган, никоҳларини рад этишга асос бўлмагани учун никоҳ тузилгани ҳақидаги гувоҳнома берилган. 
– Тўғри, Дилшод Элмуродов  менман, аммо  Нигора  Арслонова  билан никоҳдан ўтмаганман, ушбу ҳужжатлар сохта. Аризадаги имзо ҳам, дастхат ҳам менга тегишли эмас.  Илтимос, ушбу никоҳни бекор қилинг... 
Дилшоднинг мурожаати шу ернинг ўзида расмийлаштирилди ва дарҳол ҳужжатлар тўпланиб, ушбу хатоликни бартараф этиш учун туман ИИБга юборилди...
Қадрли ўқувчиларимизда савол туғилиши табиий: “Унда бу никоҳ қандай амалга оширилди, у кимга, нима учун керак бўлиб қолди, бундай сохталикдан кимга наф?”.
Шу ва шу каби саволларнинг  ҳаммасига Жиноят ишлари бўйича Пастдарғом туман судида аниқлик киритилди, жиноятчиларнинг асл мақсадлари, ноқонуний хатти-ҳаракатлари фош бўлди. 

“Мен сени ҳеч кимга бермайман!”
...Нигора  ва Дилшод аҳил дўст эди. Дилшод Нигоранинг ўзида кўнгли борлигини билар, аммо уни ўзига бўлғуси жуфти ҳалол сифатида кўролмасди. Ахир, умр йўлдош танлашнинг ҳам ўзига яраша тамойиллари бор-да. Айниқса, Нигоранинг феъл-атворидаги айрим қилиқлари унга тўғри келмас, у билан келажагини бахтли кўролмас эди. Шу боис қизни умидвор қилмаслик учун унга рўйи ростини –  уйланмаслигини, фақат дўст бўлиб қолишини  айтди. 
Айтди-ю... содир бўлган воқеа ҳаммасидан ошиб тушди.
Нигоранинг кўнглида Дилшодга нисбатан ниш урган меҳр куртаклари кутилмаганда ғазаб ва аламга айланди, ўзини камситилган, хўрланган ҳис қилди. Бу ғазаб туну кун унга тинчлик бермас, аксинча, қандай қилиб бўлмасин, ўч олишга ундарди. “Боғ хаёли боққа элтади” деганларидек, ўч олиш хаёли унга ҳатто йўл кўрсата бошлади. Муҳаббат унинг кўзини чинакамига кўр қилиб қўйганди. 
“Меники бўлмаса, бошқаники ҳам бўлмайди! Бунга йўл қўймайман! Мен сени ҳеч кимга бермайман!”
Шу мақсадда, яъни хаёлида пишитган жиноий ишини амалга ошириш мақсадида тумандоши, ташқи томондан Дилшодга ўхшаб кетадиган  Ўктам Орзиқулов билан кўришди. 
– Ёрдаминг керак, – деди Нигора . –  Мен билан никоҳдан ўтасан.
– Ие? – донг қотди Ўктам, – мен сизга уйланаман дебмидим бирор марта, қолаверса, сиздан икки ёш кичик бўлсам?
– Мана бу одам бўлиб 
“ЗАГС”дан ўтиб берасан, – қўлидаги Дилшодга тегишли бўлган паспортни кўрсатди (ҳозирда ишсиз Нигора  икки ой бурун пайнетда ишларди. Ўша вақтда Дилшоднинг номига телефон рақами очишга тўғри келганди. Ҳужжатларни расмийлаштириб бўлгач, паспортни эгасига қайтариб бермаган,  Дилшод ҳам буни эсламасди). – Қара, унга жуда ўхшайсан, сен Дилшод ролини ўйнайсан, бирга бориб ариза топширамиз ва никоҳдан ўтамиз! Паспортнинг мана бу ерида мен ва Дилшоднинг эр-хотин эканимиз муҳрланса, бўлди.  Илтимос, менга ёрдам бер.
У шундай дея дув-дув кўз ёши тўкди, гўё жабрланувчи кимса қилиб кўрсатди ўзини. Эмишки, Дилшод уни йиллар давомида алдаб келиб, энди бошқасига уйланмоқчи. Шу боис аламидан ундан ўч олмоқчи, яъни режаси амалга ошиб никоҳни қайд эттириб олса,  у кимга уйланишини билса, бўлажак хотинига кўрсатиб, тўйини бузади, ноилож қолган йигит ахийри Нигорага  уйланади. Бу “савоб”ли иш келгусида бошқа бевафоларга ҳам сабоқ бўлармиш.
Қизнинг бахтига Ўктам “мард” чиқди, “бевафо йигит”нинг таъзирини беришда ҳисса қўшишга розилик берди. 

ФҲДЁ сари йўл
Хуллас, Нигора  ва “Дилшод” паспортлари билан бирга тумандаги ФҲДЁ бўлимига бориб, ариза беришди.  Ариза компьютерда тўлдирилди, имзоланди. Сўнг таомилга кўра икки ёшга тиббий кўрикдан ўтиб келишлари учун йўлланма берилди. Йўлланма асосида туман тиббиёт бирлашмасига бориб, у ерда барча тиббий кўриклардан ўтишди. Сўнг туман поликлиникасидан тиббий хулосани олиб, яна ФҲДЁга келишди. Ҳаммаси рисоладагидек, тиббий кўрик хулосаси аъло. Қарабсизки, Нигора  ва Дилшоднинг  никоҳи қайд этилиб, бу ҳақда гувоҳнома ҳам расмийлаштирилди. 
Ўзи орзу қилган инсон билан никоҳи қонуний қайд этилгани ва уни тасдиқловчи гувоҳномани қўлга киритган Нигора  жуда хурсанд эди. 
Аммо шодлиги узоққа бормади...

“Ҳожатбарор”
Судда “ҳожатбарор” Ўктам Орзиқулов ўз айбига иқрорлик билдириб, Элмуродов  Дилшодни танимаслиги ва бу ишидан ҳеч қандай мулкий манфаатдор бўлмаганини айтди. Келгусида жиноятлари фош бўлиб қолса барчасига Нигора  ўзи жавоб беришини бўйнига олгани, уни сотмаслигини айтгани ва одамгарчилик юзасидан ёрдам бериш учун рози бўлганини таъкидлади.
Эътибор беряпсизми, одамгарчилик юзасидан қўл урибди.
Кулишниям, йиғлашниям билмайсан бу жавобдан. 21 ёшли, ақли расо йигитнинг сўзими шу?! Одамгарчилик  аслида Нигора  қинғирликка қадам қўяётган пайтда уни у йўлдан қайтаришдан бошланмасмиди? Ёлғон билан бошланган турмуш узоққа бормаслиги, никоҳ икки томонларнинг кўнгил розилик­лари, ота-оналарининг дуолари билан мустаҳкам бўлишини, бир тарафлама истак, ҳою ҳаваслар устига қурилмаслигини сингдириш билан бўлмасмиди? 

Биринчиси эмас экан...
Х. Сулаймонова номидаги республика суд экспертиза маркази Самарқанд вилояти бўлинмасининг судга оид хатшунослик экспертизасининг хулосасида ҳам  ФҲДЁ органига берилган аризада Дилшод Элмуродов  номидан қўйилган имзо ва дастхат намуналари Ўктам Орзиқулов томонидан бажарилгани, Нигора Арслонова    номидан қўйилган имзо ва дастхат намуналари эса унинг ўзи томонидан бажарилгани кўрсатилди.
Хуллас, ғазаб ва аламининг етовида ақлини йўқотган Нигора Арслонова ўзининг калта фаҳмининг қули бўлганча бир қанча жиноятларни содир этган. 
Жумладан:
 Оила кодексининг 14-моддасидаги “никоҳ тузиш ихтиёрийдир, никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак, никоҳ тузишга мажбур қилиш тақиқланади” деб белгилаб қў­йилган талабларига зид равиш ҳаракатларни амалга оширган; 
Дилшод Элмуродовнинг келгусида у билан мажбурий тарзда никоҳ қуриб, бирга яшашига эришишни кўзлаб, унинг номига туман ИИБ томонидан расмийлаштириб берилган, муҳим шахсий ҳужжатлар сирасига кирувчи фуқаролик паспортини ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда эгаллаб олиб, яшириб қўйган;
Ўктам Орзиқулов билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, Дилшод Элмуродов  билан аввалдан бўлган адовати туфайли келгусида ундан ўч олиш ниятида ФХДЁ органига сохта ариза билан мурожаат қилиб, барча ҳужжатларга ўзи ва шериги билан биргаликда имзо қўйиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори асосида тиббий кўрикдан ўтиб, ФХДЁ органи томонидан Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 75 йил мобайнида сақланадиган, қатъий ҳисобда турувчи гербли муҳр билан тасдиқланган махсус рақамли Дилшод Элмуродов  ва ўзининг номига тузилган сохта никоҳ гувоҳномани қўлга киритган.
Энг даҳшатлиси, суд жараёнида яна бир сир очилди. У  қабиҳ ниятига етиш учун Дилшодга қарши аввал ҳам ҳужум бошлаган экан. “Номусимга тегди” дея унинг устидан тумани ИИБга шикоят қилади.  Афсуски, тергов бўлими ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борганда унинг шикояти исботини топмайди. Текширув натижасига кўра Дилшодга нисбатан  Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-банди тартибида жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинади, яъни у айбсиз деб топилган. Кўриниб турибдики, Нигоранинг юрагида Дилшодга нисбатан адовати азалдан бўлган ва уни ёмонотлиқ қилишга аввал ҳам уриниб келган.

Эссиз ёшлик!
Ишни ҳар томонлама ўрганган суд аввало Дилшод Элмуродов  ва Нигора Арслонованинг номига расмийлаштирилган никоҳ тузилгани ҳақидаги гувоҳноманинг асли никоҳни бекор қилиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича судга даъво ариза киритиш масаласини ҳал қилиш учун туман прокурорига юборди (бу ҳақда газетамизнинг келгуси сонларида маълум қиламиз).
Судланувчиларга келсак, Нигора  23, Ўктам 21 ёшда. Умрларининг шу фаслида судланганлик тамғаси билан “сийлан”ди. Қўшимча равишда ойлик иш ҳақидан 20 фоиз миқдорида давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Энди ўйлаб кўрайлик, қайси ота-она бундай кўргиликка чидай олади? Аксинча, ер ёрилсаки, ерга кирсам дейдилар. Тўй-маъракалардан нари юради, элга қўшилолмай қолади. Уларнинг дарвозасини ҳам ўйлаб чертади одамлар. Хулоса эса энди ўзингиздан, азиз замондош!
(Мақолада келтирилган исм-фамилиялар ўзгартирилган)


Одил АЛЛАЕВ,
Жиноят ишлари бўйича 
Пастдарғом тумани 
суди судьяси.
Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,
“XXI asr”  мухбири

Киритилди: 16:42 06.08.2020. Ўқилди: 9846 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!