Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Андижондаги фожиа туфайли ИИБ бошлиғи ҳам қамоққа олинди

Андижондаги фожиа туфайли ИИБ бошлиғи ҳам қамоққа олинди

Андижон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг 4-сонли Ички ишлар бўлимида 30 майга ўтар кечаси қийноққа солинган фуқаро А.Абдукаримов олган тан жароҳатлари оқибатида 11 июнь куни вафот этган эди.

Ушбу воқеадан сўнг 4-сонли ИИБ жиноят-қидирув гуруҳининг уч нафар тезкор вакили — катта лейтенант Ф.Ҳусанбоев, катта лейтенант Э.Райимжонов ва катта лейтенант Қ.Қодиров ички ишлар органларидан бўшатилган, 1 июнь куни уларга нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) ҳамда 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) билан айб эълон қилиниб, суд қарори билан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган эди.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Халқаро пресс-клубнинг 1 июль куни бўлиб ўтган сессиясида қилган чиқиши чоғида олиб борилаётган тергов ҳаракатлари давомида 27 июнь куни ушбу жиноятга алоқадор деб топилган яна икки киши — 4-сонли ИИБ бошлиғи подполковник П.Мамажонов ҳамда мазкур бўлим жиноят-қидирув гуруҳининг яна бир тезкор вакили ҳам қамоққа олинганини маълум қилди. Таъкидланишича, уларга нисбатан Жиноят кодексининг 206, 234, 235 ҳамда 227-моддалари (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) билан айб эълон қилинган.

«Шу билан бирга, 4-сонли ИИБ навбатчилик қисми навбатчи катта инспекторига ҳам Жиноят кодексининг 227-моддаси билан айб эълон қилиниб, унга муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Натижаси ҳақида қўшимча равишда ахборот берилади», — дея Ҳаёт Шамсутдиновнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов.

Киритилди: 12:04 01.07.2020. Ўқилди: 6244 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!