Америкаликлар Трампдан норози, унинг рейтинги янги минимумга тушди — The Economist.
Доналд Трампни иккинчи президентлик муддатининг иккинчи йилида америкаликларнинг атиги 38 фоизи унинг давлат раҳбари сифатидаги фаолиятини ижобий баҳоламоқда, 56 фоизи эса у олиб бораётган сиёсатни маъқулламайди.
Бундай маълумотларни YouGovсўровномаси асосида The Economist нашри келтирган. Ушбу ҳисоб-китобларга кўра, иккинчи муддат бошида Трамп сиёсатини қўллаб-қувватловчилар ва қаршилар ўртасидаги фарқ 2 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 18 фоизгача етган, яъни уни қўллаб-қувватлаш кескин пасайган.
Нашр, шунингдек, Трамп ҳокимиятга келганининг 378-кунига оид сўровнималар натижаларидаги ўзгаришларга эътибор қаратди: “мамлакат тўғри йўналишда кетмоқда”, деб ҳисоблайдиган америкаликлар улуши 37 фоиздан 31 фоизгача камайган, мамлакат сиёсатидан норозилар эса 50 фоиздан 60 фоизгача кўпайган.
Америкаликлар Трамп фаолияти натижаларидан, хусусан унинг энг муҳим икки сайловолди ваъдаси — инфляцияни пасайтириш ва “ноқонуний иммиграция оқимини” тўхтатиш борасидаги ҳаракатларидан норози.