Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

"Аллоҳга шарт қўйишга ҳақимиз борми?"

"Аллоҳга шарт қўйишга ҳақимиз борми?"

“Тақвим”да ишлаб юрган кезларим эди. Бир куни бир йигит сим қоқиб, кўришишимизни илтимос қилди. Нима масаладалигини сўрасам, менда тақвимбоп ажойиб воқеа бор, шуни айтиб бермоқчиман, деди. Ёши катталар яхши билишади, нашримиз ҳикматли воқеалари, таъсирли ҳикоялари билан халқ муҳаббатини қозонган эди. Шунинг учун қизиқарли воқеаларни ўзлари ёзиб келадиганлар ҳам, айтиб бериб ёздирадиганлар ҳам кўп эди...

Хуллас, ўша йигит билан Ганга дўконининг тагидаги кафеда кўришдик. У бошидан ўтган воқеани ҳаяжон билан сўзлай кетди. Тўғриси, бунчалар таъсирчан қисса эшитаман деб ўйламаган эдим. Ҳикояни унинг оғзидан тахминан мана бундай шаклда эшитдим...

“Уйланганимда қурилишда ишлар эдим. Биласиз, бунақа жойда ишлаганлар доим ишдан кейин “чангювди” қилишади. Мен ҳам қатордан қолмасдим. Аёлим у пайтда фақат бомдод намозини ўқирди. Ўзим ичсам ҳам, намозига қаршилигим йўқ эди. Унинг диндан оз-моз хабари бўлиб, менгаям онда-сонда гапириб турарди. Шу гапларининг таъсирида “жумавой”га айландим. Аммо жума намозга чиқадиган одамнинг пайшанба куни ичиши дуруст эмаслигини ўзим ҳис этдим. Шундай қилиб, ҳар жума куни жума намозига борадиган, унга тайёргарликни эса, пайшанбадаги “чангювди”ни тарк қилишдан бошлар эдим.

Кейин-кейин жумадан келибоқ ичиш юзсизликдай туюла бошлади. Ўзимдан ўзим уялдим. Шундай қилиб, пайшанбанинг ёнига жумаям қўшилди – “чангювди” икки кунга қисқарди. Кейин чоршанба, сешанба, душанбалар ҳам пайшанбага ҳамроҳ бўлишди. Фақат шанба – ҳафтанинг охирида ичишни тарк қилиш бироз қийин бўлди. Бошқа кунларим пайшанбага қўшилиш баробарида ўзим ҳам хотинимга қўшилиб бомдодни ўқий бошладим. Аммо хотиним мендан олдинда борарди – у беш вақтга ўтган эди.

Биз бахтли эдик. Аёлимни ардоқлайман, у ҳам мени ҳурмат қилади. Аммо, ҳеч нарсадан камимиз йўқ, деб айтолмайман, бундай дейишга бир камимиз тилимни тишлатади. Турмуш қурганимизга етти йил бўлган эса-да, фарзандимиз йўқ эди. Бормаган духтиримиз қолмади. Ҳеч бири айб сенда ёки хотинингда, дегани йўқ. Бошқа турмуш қурсанглар, иккалангиз ҳам фарзандли бўлиб кетасизлар, фақат бир-бирингизга тўғри келмаяпсиз, шунақаси ҳам бўлиб туради, дейишарди. Иккаламиз бир-биримизга қараб мўлтираймиз, ахир, йиллар ўтган сари у мени, мени уни жондан ортиқ кўриб борардим. Шундай кунларнинг бирида хотиним:

- Бир нарсани сиз билан маслаҳат қилмоқчийдим, - деб қолди. Хаёлимга дарров қўрқинчли нарса келди.

- Нима экан? – дедим шумшайиб.

- Мен Аллоҳдан фарзанд сўраб, “Агар фарзанд берсанг, ҳижобга кираман”, деб ваъда бермоқчиман... Сиз шунга қаршилик қилмайсизми?

Ёмон гапни кутиб турганимгами, хотинимнинг бу гапидан хурсанд бўлиб кетдим. Ҳатто ҳижобга киришига розилик бературиб, “Агар фарзанд берса, мен ҳам ичишни буткул ташлаб, беш вақт намозга ўтаман”, деб юбордим! Хуллас, иккимиз шу кеча шартлашдик: агар Худойим бизга фарзанд берса, у ҳижобга киради, мен ичишни ташлаб, беш вақт намоз ўқийман!

Шу аҳд билан тонгни оттирдик. Эрталаб бирга бомдодни ҳам ўқидик. Намоздан кейин хотиним: “Бир нарсани ўйладим”, деб қолди. 

- Хўш?

- Бизнинг Аллоҳга шарт қўйишга ҳақимиз бормикан? Сен бизга фарзанд берсанг, ҳижобга кираман ёки намоз ўқийман, дейишга ҳаққимиз бормикан? Тўғриси, бундай шарт қўйганимга уялиб кетяпман. Яхшиси, мен ҳижобга кирай, Оллоҳим менга фарзанд берсин...

Аёлим бу сўзларни кўзда ёш билан айтди. Айтганлари менинг ҳам миямга тепди. Уялиб бошладим.

- Тўғри айтасан, - дедим, - бизнинг Оллоҳга шарт қўйишга ҳаққимиз йўқ. Мен ҳам шу бугундан ичишни буткул ташлайман-да беш вақт намозга кираман. Мукофотини эса, Ўзидан сўрайман!

Оллоҳга шарт қўйганимдан бир уялган бўлсам, аёлимнинг ақли етган нарсага мен эркакнинг ақли етмаганига икки уялдим. Шу кундан ҳаёт тарзимиз ўзгарди. Фарзанд кўриш эҳтиёжи ҳам армонга эмас, ишонч ва хотиржамлик оғушидаги алланечук ширин бир соғинчга айланиб қолди. Мен ибодатимдан масрур эдим. Шу билан бирга, Оллоҳ тез кунда бизга фарзанд беришига қатъий ишонч ҳам бор эди.

Ўзига беадад шукурлар бўлсинки, ўша кундан бир йил ўтиб, саккиз йил деганда қизлик бўлдик. Шу пайтга қадар фарзанд бермаганигаям шукурлар қилдим. Англадимки, У мендан пок зурриёдлар чиқаришни хоҳлаган, шунинг учун ҳам ҳаром-хариш еб-ичиб юрган маҳалимда фарзанд бермаган. Ўзига минг-минг шукурлар бўлсин. Қизнинг ортидан эса, ўғил билан ҳам сийлади...”

Суҳбатдошимнинг ҳикояси тахминан шундай эди. У кўзда ёш билан сўзларини тугатаётганида, мен ҳам дастрўмол билан ёноқларимни артар эдим. Кейин уйига таклиф қилди. Вақтим зиқ эса-да рози бўлдим. Оллоҳнинг сийловларини кўриш учун ҳам боришга рози бўлдим. Юнусобод тарафда тураркан. Аммо ичкари кирмадим. Остонада адасига пешвоз чиққан қизалоқдан бир муддат кўзимни узолмай турдим. Кейин ҳақларига дуо қилиб, ўша ердан қайтдим.

Абдуғафур Искандар

Манба: azon.uz

Киритилди: 19:32 12.07.2020. Ўқилди: 4213 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!