Арманистон бош вазири Никол Пашинян журналистлар билан мулоқотда Ереваннинг КХШТдаги (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти) аъзолиги ва мамлакатдаги Россия ҳарбий базаси ҳақида фикр билдирди.
Пашинян Ереванни КХШТдан чиқариш таҳдидлари билан қўрқитмаслик кераклигини айтди.
"Агар улар Арманистонни КХШТдан чиқариб юбормоқчи бўлса, марҳамат, чиқарсин. Агар чиқаришни хоҳлашмаса, чиқаришмасин", — деди сиёсатчи.
Пашинян Арманистондаги Россия ҳарбий базаси ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Ереван ҳарбий базани олиб чиқиб кетиш масаласини ҳеч қачон кўтармаган, бу масалани Москванинг ўзи ўртага ташлаган.
"Улар ҳарбий базасини олиб чиқиб кетмоқчи бўлса, марҳамат, эртагаёқ олиб кетишсин. Агар қолмоқчи бўлишса, буни шартларини муҳокама қилишга тайёрмиз. Ушбу база Арманистон хавфсизлиги учун ҳаётий муҳим аҳамиятга эга эмас ", — деди Арманистон бош вазири.
Пашинян бундай позицияни 2022 йил сентябр ойидаги воқеалар билан изоҳлади. У илгари ушбу мавзу Арманистон ва Россия расмийлари томонидан очиқ муҳокама қилинмаганини қўшимча қилди.
Маълумот учун, Арманистоннинг Гюмри шаҳрида жойлашган Россиянинг 102-ҳарбий базаси шартнома асосида ташкил этилган. 2010 йилда бу келишув 2044 йилгача узайтирилган.