Бугун 12 апрель, 2026 йил, якшанба

O'ZB

2026 йилнинг дастлабки уч ойида жиноятлар қанчага камайди?

2026 йилнинг дастлабки уч ойида жиноятлар қанчага камайди?

Халқ манфаатлари йўлида оммавий ахборот воситалари билан ҳамнафас ишлаш, ички ишлар органлари олдида турган энг долзарб вазифаларидан биридир. Шу мақсадда бугун ИИВ Маданият саройида «Очиқлик ва халқ билан мулоқот — асосий мезон: Ички ишлар органлари фаолияти юзасидан жорий йилнинг биринчи чораги бўйича таҳлилий ҳисобот» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Вазирлик раҳбарияти, масъуллар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда, ҳар бир соҳавий хизмат учун алоҳида бурчаклар ташкил этилиб, мутахассислар томонидан ташриф буюрувчиларга маълумотлар бериб борилди.

Ички ишлар вазирининг ўринбосари, Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашропов ўз маърузасида 2026 йилнинг дастлабки уч ойи давомида мамлакатимизда жами 6 211 та олди олиниши мумкин бўлган жиноятлар содир этилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 596 тага камайишига эришилганлиги ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, ходимларнинг ташаббуси билан 9 544 та жиноят аниқланиб, мазкур амалиёт ўтган йилнинг дастлабки уч ойига нисбатан 37 фоизга яхшиланган.

Хусусан, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 4 080 та жиноят ишлари қўзғатилиб, жиноий гуруҳ ва шахслардан 872 кг. гиёҳвандлик воситалари, шундан 33 кг. синтетик моддалар

ва 296 мингдан зиёд кучли таъсир қилувчи дорилар мусодара қилинган.

Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш йўналишида жами 670 та жиноятлар аниқланиб, 80 та уюшган гуруҳлар ва 211 та уюшган гуруҳ таркибидаги шахслар ушланган.

Шунингдек, 1 076 та коррупция ва иқтисодиёт жиноятларга қарши курашиш йўналишидаги жиноятлар аниқланиб, улар оқибатида етказилган 199 млрд 565 млн сўм миқдоридаги зарар аниқланиб, қонуний тартибда ундириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида жорий йилнинг уч ойида 18 мингдан ортиқ жиноятлар содир этилган бўлиб, уларнинг 97 фоизида фуқароларнинг пул маблағлари электрон тўлов тизимлари орқали қўлга киритиш билан боғлиқдир.

Тезкор тузилмаларимиз ва саф бўлинмаларимизнинг хизмат фаолияти жараёнида тергов ва суд органларидан яширинган 2 193 нафар шахслар ушланган, 171 нафар бедарак йўқолганлар топилиб, оиласи бағрига қайтарилган.

Умуман олганда, жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатимизда, 7 309 та маҳалларда жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган. Бу юртимиздаги жами маҳаллаларнинг деярли 81 фоизини ташкил қилган. Шу билан бирга жиноятлар қайд этилган маҳаллаларнинг 1 497 таси (16,6 %) “сариқ” 186 таси (2,1 %) “қизил” тоифага кирган.

2026 йилнинг уч ойи давомида республикада 1 102 та

йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Уларнинг 31,4 фоизи

(346 та) инсон ўлими билан якунланган бўлса, 13,6 фоизи ҳайдовчилар томонидан пиёдага йўл бермаслик, 32,9 фоизи белгиланган тезликка риоя қилмаслик, 4,2 фоизи ҳайдовчини ҳаракат вақтида ухлаб қолиши ва 22,4 фоизи светофорнинг талабларига амал қилмаслик оқибатида содир бўлган.

Вазир ўринбосари шунингдек, тизимда олиб борилаётган кенг кўламли тезкор-профилактик тадбирлар натижаларига ҳам тўхталиб ўтди. Биргина, “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлигининг биринчи босқичида, жами 43 931 та тезкор-қидирув ва профилактик тадбирлар ўтказилиб, 4 009 та гиёҳвандлик, 4 789 та уюшган жиноятчилик, 25 475 та коррупция ва 6 348 та терроризмга қарши курашиш йўналишида ноқонуний ҳолатлар аниқланган.

Жумладан, жами 489,7 кг гиёҳвандлик, қарийб 308 минг дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари олиниб, 1 541 туп таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган ўсимлик етиштирилаётганлиги аниқланди ва барчаси ўрнатилган тартибда мусодара қилинган.

Шунингдек, уюшган жиноий гуруҳ ва шахслардан 457 та қурол, 6 584 дона ўқ-дорилар олиниб, содир этилиши мумкин бўлган мудҳиш ҳолатларга барвақт чек қўйилган.

Президентимиз томонидан белгилаб берилган Чилонзор тумани тажрибасини жорий этиш бўйича тумандаги барча маҳаллаларга ички ишлар органларининг 55 нафар ходимлари ҳамда 21 та энг оғир маҳаллаларга Вазирликнинг соҳавий хизмат раҳбарлари номма-ном бириктирилди. Хавфсизликни таъминлашга қўшимча 667 нафар куч-воситалар жалб этилган.

Вазирлик тизимига 2026 йилнинг биринчи чорагида жами 100 мингдан ортиқ (100 742 та) мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ҳисобот даврида уларнинг 68 фоизи қаноатлантирилган.

Ҳудудий ички ишлар органларига келиб тушган 90 332 та мурожаатларнинг 64 352 таси ижобий ҳал қилиниб, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари таъминланган бўлса, 8 480 таси малакали ҳуқуқий тушунтириш бериш орқали ҳал қилинган.

Матбуот анжуманида 2026 йилнинг ўтган даври мобайнида ходимларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлигини ошириш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш борасида ҳам тўхталиб ўтилди. Узлуксиз ўқув-карьера тизими асосида 25 629 нафар ходимларнинг малакаси оширилганлиги қайд этилиб, тизимда хотин-қизларга қаратилаётган эътибор натижасида март ойининг ўзида 53 нафар аёл ходималар раҳбарлик лавозимларига тайинланганлиги алоҳида эътироф этилди.

Ходимлар ўртасида коррупцион иллатларни бартараф этиш юзасидан олиб борилган кенг кўламли тушунтириш ишлари натижасида жорий йилнинг ўтган 3 ойида 60 та ҳолатда ходимлар фуқаролар томонидан таклиф этилган порани рад этиб, қонуний чора кўриш учун вазирлик Шахсий хавфсизлик хизматига мурожаат қилган.

Ватан тинчлигини сақлаш йўлида 2026 йилнинг ўзида 10 нафар ходим хизмат вазифасини бажариш чоғида вафот этган, 39 нафари эса жароҳатланган.

Юртимизда фуқаролар ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида ходимларимизнинг олиб бораётган хизмат фаолияти ва меҳнати муҳтарам Президентимиз томонларидан доимо юксак эътироф этиб келинмоқда.

Биргина шу йилнинг ўзида 11 нафар ички ишлар органлари ходимлари давлат мукофоти билан тақдирланган.

Бундан ташқари, идоравий буйруқ билан Ички ишлар вазирлиги томонидан 25 мингдан зиёд ходим рағбатлантирилган.

Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида оммавий ахборот воситалари ўз саволлари билан масъулларга юзланишди. Уч ой давомида содир бўлган кўплаб ҳодисалар муҳокама қилиниб, ҳуқуқий тушунчалар берилди ва аниқ маълумотлар тақдим этилди. Шу билан бирга тизим фаолияти юзасидан фикрлар, аҳолини қийнаётган айрим муаммолар борасида таклифлар билдирилди.

Қизғин ва икки томонлама мунозараларга бой бўлган тадбир якунида келгусидаги бажарилиши лозим бир қатор масалалар юзасидан келишиб олинди.

Киритилди: 20:26 11.04.2026. Ўқилди: 294 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!