Бугун 21 апрель, 2019 йил, якшанба

O'ZB

Йўқ газга фуқародан тўлов талаб қилинмоқда, депутат муаммога ечим ахтаради

Йўқ газга фуқародан тўлов талаб қилинмоқда, депутат муаммога ечим ахтаради

Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмалари асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳудудларда бўлиб, сайёр қабул ўтказаётгани муаммоларни ҳал этишга кўмаклашмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳар ойнинг охирги ўн кунлигида жойларда аҳоли билан мулоқот қилиб, одамларнинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжлари, турмуш шароитларини ўрганмоқда. Шунингдек, Президентимиз фармон ва қарорларининг мазмун ва моҳиятини аҳолига етказмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Адолат СДП фракцияси аъзолари ҳам айни кунларда ҳудудларда бўлиб, сайловчилар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказишмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Адолат СДП Матбуот хизмати хабар берди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати М.Дадахўжаева Андижон вилоятидаги Бўтақора қишлоғи Наврўз маҳалласида сайловчилар билан учрашди. Ҳудуддаги 20 километр йўлни асфальтлаш, Т.Содиқов номли мусиқа мактабини таъмирлаш, 27-, 28-, 29-умумтаълим мактабларини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш, ичимлик суви қувурларини алмаштириш каби аҳолини қийнаётган муаммолар бўйича қилинган 7 та мурожаатни ўз назоратига олди.

Юзма-юз мулоқотда фуқаро Насибахон Абдуллаева саломатлиги яхши эмаслиги, шифокорлар бир неча ойдан бери аниқ ташхис қўймаётганлигини билдирди, дейди М.Дадахўжаева. Унинг кам таъминланган оила аъзоси эканлиги эътиборимни тортди. Туман тиббиёт бирлашмасига бу масалада депутат сўрови билан чиқдим. Беморни соғломлаштириш бошланди. Бундан унинг оиласидагилар ҳам хурсанд.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоев Хоразм вилояти Урганч туманидаги Ғайбу қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида сайловчилар билан учрашув ўтказди.

Очиқ мулоқотда иштирокчилар ўзларини ташвишлантириб келаётган муаммо ва камчиликлар хусусида баён этишди. Жумладан, Туркманлар маҳалласи фуқаролари томонидан маҳалланинг Ола уйлик қисмидаги ичимлик суви муаммоси, Чорвабозор ҳудудига кираверишдаги йўл ёғингарчилик пайтлари йўловчилар учун муаммолар туғдираётгани айтилди. Депутат М.Қурбонбоев мазкур муаммоларни ўрганиб туман ҳокимига мурожаат этишини билдирди. Шунингдек, коллеж ўқувчиларидан Даврон Қаландаров чорвачилик, Ҳамид Жуманазаров туман бозорида кийим-кечак сотиш учун дўкон очиш истаги борлигини маълум қилиб, имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам сўради. М.Қурбонбоев бу муаммони ҳал этишга ваъда берди.

Сайловчилар билан юзма-юз мулоқот қилиш, уларни ўйлантириб келаётган муаммоларни ижобий ҳал қилишда Ўзбекистон Адолат СДП партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умиджон Сулаймонов ўзига юклатилган вазифаларни сидқидилдан амалга ошириб келмоқда. Унинг Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги ўрганишлари ҳам амалий саъй-ҳаракатларнинг давоми бўлди.

Туман аҳолиси билан олиб борилган мулоқотлар жараёнида сайловчиларни қийнаб келаётган бир қатор муаммолар аниқланди. Жумладан, Қийиқи МФЙдаги 400 та хонадон эгаларини ичимлик суви масаласи қийнамоқда. Улар узоқ масофадан сув ташиб, истеъмол қилишади. Маҳалла фаоли Нурулло Дадахонов шу ҳақда айтиб ўтди. Айни пайтда 5 та кўчанинг электр таъминоти масаласида ҳам муаммо борлиги, ушбу кўчалар эски линияда қолиб кетганлиги таъкидланди. Бу масалалар шу куни туман ҳокими сектори штабида ўтган йиғилишда кўриб чиқилди. Унда ишчи гуруҳларининг фаолияти ҳам таҳлил қилинди.

Ишчи гуруҳлари қониқарли ишламаяпти. Муаммолар ечими юзасидан фуқароларнинг мурожаатлари тўла қаноатлантирилмаяпти. Уй-жой, моддий ёрдам, электр таъминоти, сув таъминоти ва бошқа турли йўналишларда мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатларнинг аксарияти ҳал бўладиган ва уни ҳал қилиш керак. Агар ечими йўқ бўлса, сабабини тушунтириш зарур, дея таъкидлади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умиджон Сулаймонов.

Барча мутасаддилар танқидий фикрлардан тўғри хулоса чиқариб, тегишли тартибда ишни ташкилаштириши кераклиги таъкидланди. Зарур кўрсатмалар берилди.

Депутат Шуҳрат Ёқубов ҳам Наманган шаҳридаги қатор корхона, ташкилот ва муассасаларда, маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлди. Мулоқотлар чоғида мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, улар келтираётган самаралар ҳақида фикр юритилмоқда. Айниқса, Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили Давлат дастурида белгиланган вазифалар кўпчиликни қизиқтираётир.

Мулоқотларда фуқаро Салима Каримова шаҳар газ таъминоти корхонаси аҳолига хизмат кўрсатишда йўл қўяётган камчиликлар ҳақида сўзлади. Маълум бўлишича, у яшайдиган хонадонда анчадан бери табиий газ йўқ. Аммо газчилар етказиб берилмаган зангори олов учун тўлов талаб қилмоқда. Ҳозиргача муаммонинг ечими топилмаган.

Фуқаро Дилшод Каримқулов эса Мажбурий ижро бюроси шаҳар бўлими ва Давлат солиқ инспекцияси ўртасида узвий ҳамкорлик ўрнатиш лозимлигини айтди. Чунки қарзи йўқ хонадонларга ҳам суд орқали тўловни амалга ошириш ҳақида хатлар келмоқда. Фуқаролар эса қарзлари йўқлигини исботлаш учун Давлат солиқ инспекциясига боришмоқда. Қанча вақти ва асабни бой бериб, ўзларининг ҳақ эканликларини исботлашмоқда.

Сардоба маҳалласидаги Нуроний жамғармаси фаолларидан бири Аҳмаджон ака Мамадалиевнинг айтишича, бундай муаммолар сонини кескин камайтириш мумкин. Фақат бунинг учун маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари фаоллик кўрсатишлари лозим. Сайловчилар охирги марта улар билан қачон учрашганини эслай ҳам олмайди. Ана шу депутатлар аҳоли ўртасида кўпроқ бўлганларида, муаммоларни ўрганганларида ва ечимини топиш ҳақида бош қотирганларида шундай бўлмасди. Бу гапда жон бор.

Депутатларнинг аҳоли билан бундай юзма-юз мулоқотлари бошқа вилоятларда ҳам давом этмоқда.

Киритилди: 09:48 11.02.2019. Ўқилди: 673 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!