Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

ЙПХ ходимларига рус тилини билмаслиги панд бердими?

ЙПХ ходимларига рус тилини билмаслиги панд бердими?

Кеча ижтимоий тармоқларда (diqqat_telegram) ЙПХ ходимлари ва русийзабон фуқаронинг ўзаро суҳбати (тортишуви десак кўпроқ тўғри бўлади) акс этган видео тарқалди.Видеода ЙПХ ходимлари русийзабон ҳайдовчининг қонуний талабларини бажармай, унга нисбатан қўпол муносабатда бўлганлигини кўриш мумкин.

Рус тилини билмаслик айб эмас. Ва чет (рус) тилини билиш-ўрганиш бу шахснинг мутлақ ҳуқуқи бўлиб, биз бу масалани муҳокама қилмоқчи эмасмиз.

Бироқ видеодаги эътиборимизни тортган жиҳат ЙПХ ходимларининг ҳайдовчи билан муносабати бўлди. Келинг, ушбу мулоқотга ҳуқуқий баҳо бериб кўрамиз, дейди "human.uz".

ЙПХ ходими ўзини таништирмади ва гувоҳномасини кўрсатмади
Эътибор берган бўлсангиз, ҳайдовчи бир неча бор ЙПХ ходимига ўзини таништиришни ва хизмат гувоҳномасини очиқ ҳолатда кўрсатишни талаб қилди. Бироқ унинг бу талаби ЙПХ ходимлари томонидан бажарилмади. Қонун бу масалада нима дейди?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 01.12.2018 йилдаги 975-сонли қарори билан тасдиқланган “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида” низомнинг 14-бандига кўра, ЙПХ ходими йўл ҳаракати қатнашчисини тўхтатганидан кейин унинг олдига бориш, ўзини таништириш, лавозими, унвони, фамилияси ҳақида маълумот бериш, унинг талабига кўра кўкрак нишон белгисини маълум қилиш ва хизмат гувоҳномасини очиқ ҳолда кўрсатишга мажбур.

Тўхтатиш сабабини тушунтирмади
Айнан ушбу низомнинг айнан юқорида айтиб ўтилган бандида йўл ҳаракати қатнашчиларига уларни тўхтатиш сабабини, содир этилган ҳуқуқбузарлик юзасидан аниқ, лўнда тушунтириш бериш ЙПХ ходимининг мажбуриятларидан бири сифатида санаб ўтилган.

Дислокацияни кўрсатмади
Ушбу низомнинг 18-бандига кўра ҳайдовчи ўзи тўхтатилган ҳудудда ЙПХ ходими хизмат олиб бориши мумкинлиги ҳақидаги дислокация кўчирмаси билан шу жойнинг ўзида танишиш ҳуқуқига эга. Демак видеодан хулоса қилиш мумкин-ки, ЙПХ ходимлари томонидан ҳайдовчининг ҳуқуқлари таъминланмади.

Ҳайдовчини “Сен”лаш, унга қўпол муомала қилиш мумкин эмас
Биласизми, Йўл-патруль хизмати ходимининг низом билан белгиланган мажбуриятлари қаторида ҳар қандай вазиятда йўл ҳаракати қатнашчилари билан вазмин, хушмуомала, одобли ва эътиборли бўлиш, уларга ҳурмат билан ҳамда «Сиз» деб мурожаат қилиш, йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатларда муомала маданияти ва қонунийликка риоя қилиш ҳам бор.

Хулоса
Нима ҳам дер эдик, таниқли маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир” деган чуқур маъноли сўзлари нақадар ҳақиқат эканига яна бир бор амин бўлдик.

Тез кунларда ушбу ЙПХ ходимларининг “тарбия”си назоратга олингани ва улар бу қилмишлари учун муносиб “қамчилангани” ҳақида хабарларни эшитиб қолсак ажаб эмас.

Хуршид Далиев, журналист

Киритилди: 07:45 11.07.2019. Ўқилди: 3634 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!