Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Ёш болаларни ўпиш фазилатми?

Ёш болаларни ўпиш фазилатми?

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Сизлар ёш болаларингизни ўпасизларми? Биз ўпмаймиз», деди.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ қалбингдан раҳматни суғуриб олган бўлса, мен нима ҳам қила олар эдим», дедилар».

Шарҳ: Демак, жажжи болаларни ўпиш кишининг қалбида раҳмат борлигининг аломати экан. Аксинча, ёш болаларни ўпмаслик қалбда раҳматнинг йўқлиги аломати экан.

Бола боқиш иши машаққатли экани ҳамда бола доимо меҳрга ва раҳм-шафқатга муҳтож бўлгани учун ҳам Исломда болага раҳмли бўлиш катта савобли иш даражасига кўтарилган. Ҳар бир ота-она бу улкан ҳақиқатни зинҳор унутмаслиги даркор.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ёш болаларни ўпиш фазилат экани.

2. Ёш болаларни ўпиш раҳмдиллик белгиси экани.

3. Баъзи одамларнинг қалбидан Аллоҳ таоло раҳматни суғуриб олиши.

4. Болаларни ўпмаслик яхши эмаслиги.

91. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ибн Алини ўпдилар. Ул зотнинг ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис Тамиймий ўтирган эди. Шунда Ақраъ:

«Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ҳам ўпмаганман», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қарадилар. Кейин:

«Ким раҳм қилмаса, унга раҳм қилинмайди», дедилар».

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган бу гапларнинг маъноси – ким бандага раҳм қилмаса, Аллоҳ таоло унга ҳам раҳм қилмайди, деганидир.

Бандаларга раҳм қилишнинг энг олий намунаси ёш болаларга раҳм қилишдир. Чунки улар раҳм-шафқатга энг муҳтож тоифадирлар.

Шундай бўлганидан кейин, ҳар бир ота-она ўз боласига меҳрибон бўлиши, уларга раҳм-шафқатли бўлиши лозим.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кичик болаларни ўпганлари.

2. Ўша пайтда ўнта боласидан бирортасини ҳам ўпмаган шахс бўлгани.

3. Боласига раҳм кўрсатган ота-оналарга Аллоҳ таоло ҳам раҳм қилиши.

4. Фарзандига раҳмли бўлиш ота-онанинг вазифаси экани.

Manba: islom.uz

Киритилди: 10:40 10.07.2019. Ўқилди: 5441 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!