Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси депутати сўнгги кунларда ёнилғи қуйиш шохобчаларида пропан нархининг кескин ошиб кетганлиги ҳолати бўйича аҳолининг ҳақли эътирозлари ва муҳокамаларини инобатга олган ҳолда, масъул ташкилотларга депутатлик сўрови юборди.
Маълум бўлишича, пропан нархи охирги ойлар давомида икки баробарга қимматлашган бўлиб, бу ҳолат кўплаб истеъмолчилар учун иқтисодий-ижтимоий муаммолар келтириб чиқармоқда.
Мазкур ҳолат нафақат бозор механизмлари шаффофлигини таъминлаш зарурлигини кўрсатади, балки куз-қиш мавсумида ёнилғи-энергетика ресурсларига бўлган эҳтиёжнинг ортиши муносабати билан логистика жараёнларини янада самарали ташкил этиш, таннарх шакллантиришда шаффофликни таъминлаш ва бозорда ноқонуний ҳаракатларнинг олдини олиш каби долзарб вазифаларни ҳал қилишни талаб қилади.
Шу боис, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси томонидан Энергетика вазирлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва Бош прокуратурага пропан нархи ошиши сабабларини аниқлаш, аҳолига аниқ ва асосли жавоб бериш, нархларни барқарорлаштириш ҳамда бу борада таъсирчан чоралар кўриш юзасидан нуқтаи назарини баён этиш бўйича депутатлик сўровлари юборилди.