Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Янги Ўзбекистонни барпо этишда ўзбек тилининг ҳаётбахш қудратига таянамиз

Янги Ўзбекистонни барпо этишда ўзбек тилининг ҳаётбахш қудратига таянамиз

Барча юртдошларимни фахр ва мамнуният билан улкан айём – Ўзбек тили байрами куни билан чин юракдан қутлайман.

Она тили қадим-қадимдан, улуғ аждодлардан бизга етиб келган бебаҳо хазинадир. Забонимизда халқимизнинг маънавияти, руҳий олами, ақл-идроки ўз ифодасини топган. Унинг истиқболи ҳақида қайғуриш – бу миллатнинг ўзлигини англаши, унинг маънавий камолотини юксалтириш учун интилиш демакдир. Шу боис муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзбек тили ривожига, қадри ва мавқеини янада юксалтиришга жуда катта эътибор қаратяптилар. Бу йўналишда кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилиниб, белгиланган вазифалар ҳаётга татбиқ қилиняпти.

Вазирлар Маҳкамаси таркибида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси самарали фаолият кўрсатиб, мазкур соҳадаги ишларни мувофиқлаштирмоқда.

Ўзбек тили БМТнинг юксак минбарида, ғоят нуфузли халқаро анжуманларда янграяпти.

Кейинги йилларда ўзбек тилини чуқур ўрганиш ва ўргатишга хизмат қиладиган 16 та китоб, шунингдек, чет эл фуқаролари ва юртдошларимизга ўзбек тилини ўргатадиган онлайн платформа, ўзбек тили изоҳли луғатининг мобиль иловаси, махсус веб-сайтлар яратилди.

Хорижий давлатлардаги 65 та олий ўқув юртида ўзбек тили ва адабиёти ўрганилаётгани ҳам эътиборга молик.

Давлатимиз раҳбари ушбу улуғ байрам муносабати билан халқимизга йўллаган табригида ўзбек тилини янада ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш борасида яқин истиқболда амалга ошириладиган катта-катта вазифаларни ҳам тилга олдилар.

Мухтасар айтганда, биз янги Ўзбекистонни, янги Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу мақсадларимизга эришишда она тилимизнинг ҳаётбахш қудратига таянамиз.

Яна бир бор байрам муборак бўлсин, азизлар!

Киритилди: 14:14 21.10.2021. Ўқилди: 1196 марта. Фикрлар сони: 5 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!