Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Хуррамободликлар чаёнлар ва ҳаво ифлосланишидан азият чекмоқда

Хуррамободликлар чаёнлар ва ҳаво ифлосланишидан азият чекмоқда

Кутилмаганда уйингиздан чаён чиқса оила аъзоларингиз қанчалар беҳузур бўлишини тасаввур этиш қийин эмас. Агар бу воқелик мунтазам равишда рўй берсачи? Фикримизча, на ейишингизда ва на тунлари дам олишингизда ҳаловат қолади.

Риштон туманининг Хуррамобод қишлоғи аҳли аллақачон бундай ҳодисалардан ажабланишмайди. Чунки уларнинг 6 йилдан буён ҳал этилмаётган жиддийроқ ва бунданда хавфлироқ муаммолари бор:

Хуррамобод қишлоғининг Янги ҳаёт маҳалласида 135 хонадон мавжуд. Аҳоли 2013 йилгача кенг далалар, тоза ҳаво қўйнида эл қатори умргузаронлик қилаётган эди. Нима бўлдию,маҳаллага қўшни контурдаги собиқ чорва фермаси ўрнида “Олий сифат сари” хусусий фирмаси ғишт ва деворбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш заводини қурди. Хуррамободликларнинг 70 нафари доимий иш билан таъминланди. Аслида ҳаммаси шундан бошланган. 2015 йилга келиб Янги ҳаёт маҳалласи ва заводнинг қуйи қисмидаги аҳоли пунктларида аллергик, нафас қисиши касалликларига чалиниш, доимий бош оғриғи, асабийлашиш, болалар орасида йўтал йўтал авж ола бошлади. 2016 йилга келиб фуқароларнинг ғишт заводи фаолиятидан эътирозлари кучайиб кетди. Бунинг энг асосий сабаблари эса, заводнинг аҳоли пунктига бир девор яқинлиги, ғишт пиширишда кўмир билан бирга эски шиналари ва чарм ёқилишида. Бундан ташқари, шамолда кўтарилган тутун чанг аралашмаси туфайли аҳоли ўз ҳовлисида ўтиролмай қолди. Бу ҳам етмагандек,заводга тупроқ турли жойлардан келтирилганлиги боис, маҳаллани бир кўришда этни сескантириб юборадиган чаёнлар босиб кетди.

Акбаржон МАМАЖОНОВ, “Хуррамобод” МФЙ раиси:

Янги ҳаёт маҳалласидаги фуқароларимиз , қўпол қилиб айтганда, ҳаводан бўғилиб қолишган. Тунлари бечораларга катта юк машиналарининг гуруллаган овози, тақир-туқурлар, шовқин-сурондан ҳаловат йўқ. Қишлоқ оилавий пункти, 29-умумтаълим мактаби ва давлат шерикчилиги асосида қурилаётган 150 ўринли мактабгача таълим муассасаси ҳам ўша ҳудудда жойлашган. Деярли, мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Ҳаммасида бир ҳил жавоб. Ғишт заводи экологик ва санитарик талабларга жавоб бера олармиш. Заводни кўчириш учун шу қишлоқ ҳудудидан бошқа майдонларни ҳам таклиф этдик, бўлмади. Ахир, шовқин ва чанг, тутун билан ишловчи заводлар аҳоли яшаш ҳудудларидан йироқда жойлаштирилишини, бунга қонуний норма ва талаблар борлигини оддий фуқаро ҳам биладику.

Мунира ОХУНОВА, Янги ҳаёт маҳалласи патронаж ҳамшираси:

Нафас йўллари ва аллергик касалликлари билан чалинган 10 дан ортиқ фуқаролар бор маҳаллада. Масалан, ЭргашеваДилором икки йилдан буён сурункали бронхит билан шифокор назоратида туради. Рўйхатга олинганлар сони тобора ортиб бориши аниқ. Чунки бугун бўлмаса эртага барибир шу маҳаллада яшовчи ёшу қари, эркагу аёл шу касаллик билан оғриши эҳтимоли жуда юқори. Улар ёнган кўмир чиқитларини нафас йўллари орқали ютиб, ўпкада тўплаб боришяпти. Бу эса ҳаёт учун жуда хавфли.

Дилором ЭРГАШЕВА, Янги хаёт маҳалласи, 144-хонадон:

Мунтазам қаттиқ бош оғриғи ва бронхит қийнайди мени. Икки йилдан буён аллергиядан азобланаман. Чанг, тутун ва кўмирнинг ҳидига чидолмайман. Доимий тарзда томоғимга сал бутамон сепиб юраман. Дўхтирлар агар касалликни олдини олмасангиз астма касаллигини орттирволасиз, дейишяпти. Иложи йўқлигидан ота-онамнинг Тўда қишлоғидаги уйида яшаяпман. У ерда яхши бўпқоламан. Касаллик қийнамайди. Уйга қайтиб келишим билан ҳаммаси янгитдан бошланаверади. 4 фарзандим бор. Бир девор наридаги ғишт заводи аллақачон ҳаммамизга ўз таъсирини ўтказиб бўлган. Ҳаммамиз асабий бўлиб қолганмиз. 2 ёшли фарзандим Оятулло Рахимжонов яқинда оғир-оғир нафас олишни бошлаб қолди. Бир дастурхонда ўтирмаймиз. Ҳаммамиз шу муаммо сабаб ҳар ерда яшаяпмиз.

Ғофиржон МАДАЛИЕВ, Қалъача маҳалласи фаоли:

Янги ҳаёт кўчасига туташ заводдан ташқари, ҳудудда яна 2 та бошқа ғишт ишлаб чиқарувчи объект бор. Биздан бир километр ғарб томонда. Ўша заводлар ҳам Қалъача маҳалласи фуқароларини заҳарлашда давом этяпти. Чиқаётган қора қўланса тутун ҳиди кўнгилни айнитиб, кўкрак қафасини ачитиб юборади. Аксарият болаларимизда сўнги икки йилда нафас қисиши, аллергик касалликлар кучайиб кетди. Яна ўн йилларда оғир асоратларга олиб келиши аниқ. Ҳозир қўшниларим ҳам ваҳимага тушиб қолишган.

Абдураҳмон Эргашев, Янги ҳаёт маҳалласи фаоли:

Деҳқончиликларга ҳам жуда катта салбий таъсир кўрсатяпти бу муаммо. 6 сотих томорқада узум парваришлайман. 3 йилдан буён минг уринсак ҳам кутилган даромадни бермаяпти. Ёмғир ёғса токнинг меваси билан бирга деворларимизга қора ранг сепиб қўйгандек бўпқолади. Бундан ташқари, помидорлар сара мевага кирганда қуришни бошлайди.

Шохида УСМОНОВА, Янги ҳаёт маҳалласи, 130-хонадон:

Ёзмаган жойи из қолмади. Шунча мурожаат қилсак ҳам муаммоларимиз оддий аҳоли фойдасига ҳал бўлгани йўқ. Ҳар гал шикоятимизга жавоб хати билан бирга масалани ўргангани ишчи гуруҳи келадию “кўриб чиқамиз”, “масала қўямиз” қабилида бизни “юпатиб” кетишади. Баҳоналари ҳали маҳалладошлар орасида сил касаллигига чалинганлар йўқ эмиш. Сил касал бўлганимиздан кейин ҳал қилишадими бу муаммони? Мактуб ортидан текшириб келишса, поликлиникадагилар маҳалламиздаги касалланганлар сонини яширишяпти. У ёқ бу ёққа мурожаат қилаверганимиздан бизни қўрқитиб қўйиш учунми маҳаллани судга бердик, деган гап тарқатишипти ғишт заводидагилар. Суриштирсак ёлғон маълумот бўлиб чиқди. Шу йил апрел-май ойларида туман ҳокимлиги вакиллари, ДСЕНМ вакиллари билан маҳалла иштирокида йиғилишлар бўлиб ўтган. Бироқ туман ҳокимлиги вакиллари сендан калласи катталар қўл қўйган завод ҳужжатларига, ҳаммаси ҳисоб китоб қилинган, қабилида гапириб кетишди. Шуми текшириб кетганлари?Бу ғишт заводи деганлари ҳаммамизни касал қилиб бўлди-ку!?

Айтишларича,“катта одамлар” турармиш завод ортида. Ғишт заводи мутасаддиларининг топиб олган баҳонаси: “Биз шу қишлоқдаги фалон кишини иш билан таъминлаяпмиз!”. Бизнинг соғлигимиз эвазигая?!

Гулнора ТЎЙЧИЕВА, Янги ҳаёт кўчаси, 130-уй:

Турмуш ўртоғим Тўйчиев Исмоилжон ҳозир 20 км. наридаги Зодиён қишлоғида яшаяпти. Нафаси қисадиган, аллергия бўлиб қолган. Нима қилишни билмаяпмиз. Уйни сотиб кетайлик десак, бунақа аҳволда ҳеч ким уйни олмаяпти. Зодиёнда қийналмай нафас олади эрим. Бир паста яхши бўпқолади. Янги ҳаётга келишимиз билан касаллик яна хуруж қилади. Заводга турли жойлардан ҳар ҳил тупроқлар олиб келинавергач уйимиз ҳовлимиз, томорқамиз чаёнларга тўлиб кетган. Тўғри, бир мартадезинфекция қилиб кетишди, лекин фойдаси бўлгани йўқ. Бир неча қўшниларимизни белидан қўлидан оёғидан чақиб олди. Кечқурун чаёндан қўрққанимиз етмагандек, тунда тўс тўполон авжига чиқади, катта машина бортини тупроқдан тозалаш учун қаттиқ жисм билан уришганда эшитиладиган қўрқинчли овоз жанг майдонини эслатади. Кечаю-кундуз тинчлик йўқ.

Холида ХАМРОАЛИЕВА, Янги ҳаёт кўчаси, 147-уй:

ХўжайинимХамроалиев Аловиддин 4 йилдан буён астма касаллиги билан оғрийди. Лекин назоратда турадими, аниқ билмайман. Бир кунда 6 та эфилин таблетка ичишга мажбур. Уколини ҳар куни тунда олади. Таблетка,укол қабул қилмаган куни нафас ололмай хириллаб қолади. Шамол, шаббода кунлари ишонасизми, ташқарига чиқиб бўлмайди. Болалар ва набираларимни уйда иҳота қилиб ўтираман. Ҳамма маҳалладошлар ваҳимага тушиб қолишган.

Маҳалладагилар кўмир заводини кўчириш ёки фаолиятини тўхтатиш масаласида деярли бормаган,ёзмаган жойлари қолмади. Масалан, шу маҳаллада истиқомат қилувчи Д. Эргашеванинг 2018 йил 15 апрель кунги Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига қилган мурожаати Риштон тумани ва вилоят ДСЕНМ томонидан ўрганиб чиқилиб атмосфера ҳавоси таркибидаги чанг миқдори меъёрида, деган хулоса берилади. Яна бир ҳолат, Хуррамобод қишлоғида яшовчи Х. Аҳмаджоновнинг туман прокурорига шу мазмунда ёзган аризасига Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси Риштон тумани инспекцияси бошлиғи Р. Фозиловдан жавоб мактуби келади. Унда ёзилишича, ғишт ишлаб чиқариш заводи қурилишига ер танлаш ва ажратиш босқичида аҳоли яшаш пунктига шундоққина бир девор қўшни контурга (!) Фарғона вилоят давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси олинган. Ушбу жавоб хатида яна фуқаролар томонидан кўрсатиб ўтилган барча камчиликларга завод ходимлари томонидан барҳам берилаётганлиги қистириб ўтилади. Риштон тумани ҳокими Т. Раҳимовнинг 2018 йил апрель ойидаги мурожаатга жавоб мактубида ҳам олинган намуналар таркибида чанг ва ис газлари миқдори меъёр кўрсаткичидан юқори эмаслиги баён қилинган.

Ана холооос! Меъёр кўрсаткичлар ва давлат экологик экспертизасининг хулосаси ижобий бўлса, шу-унча муаммо осмондан тушдими. Ахир янги ҳаётлик фуқароларнинг кун сайин хасталаниб бораётганлиги қоғозларда эмас, реал ҳаётда рўй бераяпти-ку?! Хуллас, сиз аллақачон хулоса қилган бўлсангиз ажабланмаймиз.

БИЗНИНГ ХУЛОСА:

Ким қандай қабул қилади, билмадигу,135 хонадон аҳолиси куйиниб айтаётган муаммоларининг ёлғон жойи йўқ, бизнингча. Вақтида тан олиб бу масалани бартараф этиш йўлларини зудликда кўриш зарур. Акс ҳолда, яна бир неча йилларда бу қишлоқда рўйхатда ва назоратда турувчи оғир аллергик ва сил касаллигига чалинган фуқароларнинг сони кун сайин ортаверади. Фарғона вилояти ва Риштон туманидаги ҳар қандай ваколатли ташкилотларнинг хуррамободликлар мурожаатларига нисбатан йўллаган жавоб хатлари қандай мазмунда бўлмасин, муаммо бу билан ўз ечимини топиб қолмайди. Аксинча, вазият янада оғирлашаверади. Ахир бу ҳолатга бефарқлик аҳолига очиқдан очиқ суиқасд эмасми? Ғишт заводидан чиқаётган қўланса тутунлар аҳолининг касалланиб бораётганига сабаб бўлмаса,нега хасталикларнинг асл моҳияти,келиб чиқиши 6 йилдан буён асослаб берилмаяпти?!

Биз бундай фикрдан йироқмизу, лекин ўнлаб мурожаатлар мунтазам равишда ғишт заводи мутасаддилари фойдасига ҳал этилаётганлигига қараганда, бу ҳолатда узоқ вақт давомида коррупцияга йўл қўйиб келинган. Янги ҳаётликлар мана шундай фикрда! Фикр учун эса демократик жамиятимизда исбот ва далил талаб этилмайди.

Элёржон ЭҲСОНОВ

Manba: xs.uz

Киритилди: 05:30 29.06.2019. Ўқилди: 2462 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!