Бугун 24 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Хотинини ўзини ўлдиришга мажбур қилган наманганлик эркак жазоланди

Хотинини ўзини ўлдиришга мажбур қилган наманганлик эркак жазоланди

Ўн беш йилдан сўнг қидирувдаги жиноятчи ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинди. Жиноятчи бу муддат давомида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида яшириниб юрди. Янги оила қурди, фарзанд орттирди. Аммо адолат барибир қарор топди. У кўп йиллар илгари турмуш ўртоғини ўзини-ўзи ўлдиришга ундагани учун озодликдан маҳрум этилди... Бу ҳақда Зарафшон нашри хабар тарқатди.

Наманган вилояти Норин туманида яшовчи Беҳзод Бердиев кўнглига келадиган ишдан қайтмайдиган бебошлардан эди. У илк бор Нурия исмли қиз билан шаръий никоҳдан ўтиб, оила қурди. Ўртадаги келишмовчиликлар туфайли беш ойгина яшаб, сўнг ажрашиб кетишди.

Шундан сўнг Беҳзод маҳалладоши Дилоромга уйланди. Аммо бу хотин билан ҳам чиқишолмай, аёлга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиб, хотинини дўппосларди. Кунлардан бирида Беҳзод одатдагидек хотинига ташланди.

Ишим сен туфайли юришмаяпти, отангдан бирор нарса ундириб ололмайсан! дея уни беаёв калтаклади.

Хўрланган ожиза зуғум ва калтаклардан безиб, устидан бензин қуйиб ўзини ёқиб юборди. Шифохонага келтирилган Дилором саксон фоиз куйиш жароҳати билан вафот этди. Воқеанинг асл сабабини ўрганиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари унинг уйига келишганида Беҳзод қочишга улгурганди. Шундан сўнг унга нисбатан қидирув эълон қилинди.

Аслида Беҳзод Тошкент шаҳридаги Қўйлиқ бозорида ёлланма ишчи бўлиб кун кечириб юрди. Орадан беш йил ўтгач, Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида ишлаб юрганида Маҳфуза билан танишиб, унга уйланди. Ҳеч нарса бўлмагандек ҳаётини янгидан бошлади. Шунча йил ўтса ҳамки, яқинлари билан боғланмади.

Кутилмаган тасодиф туфайли Беҳзод опаси ва синглисини кўчада учратиб қолди. Жигарлари унга нисбатан жиноий иш очилгани ва қидирувда эканини айтишди. Улар Беҳзод ҳақида ҳеч кимга билдирмасликка келишиб олишади.

Буни қарангки, қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади , деганларидек орадан ўн беш йил ўтиб, Қўйлиқ бозори ёнида ўғирлик бўйича иш олиб бораётган ички ишлар ходимларига Б.Бердиевнинг хатти-ҳаракатлари шубҳали кўриниб, ундан ҳам ҳужжатларини кўрсатишни сўрашди. Фуқаронинг ҳужжати йўқлиги боис, у тўғрисидаги маълумотлар ўрганилиши натижасида қидирувда эканлиги аниқланди. Шу тарзда жиноятчи ушланди ва жазога тортилди.

Киритилди: 18:48 17.04.2019. Ўқилди: 2910 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!