Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Хоразмлик аёлнинг фирибгарлиги ўзига қимматга тушди

Хоразмлик аёлнинг фирибгарлиги ўзига қимматга тушди

…Асли қўшкўпирлик Эътибор Ҳайитбоева ҳаётга енгил-елпи қаради, ҳар қандай қилмиш муқаррар равишда қи­дирмишга етаклашига инонмади. Ачинарли жиҳати шундаки, у ҳар гал боши тошга тегиб, хаёллари саробга дўнса, қилмишининг аччиқ қидирмишини татиса-да, ўз билганидан қолмади.

Э. Ҳайитбоева ҳали йигирма беш ёшга тўлмаёқ, содир этган жиноий қилмиши учун тегишли жавобгарликка тортилди. Фирибгарликка оид жирканч қилмишининг жазосини татиб кўрди. Би­роқ бу унга кор қилмади, сабоқ ҳам бўлмади. 2006 йилга келиб, яна қора қилмишга қўл урди. Фириб билан боғлиқ жирканч кирдикорни фаҳш, товламачилик, ўғирлик амалларига анча-мунча бойитган ҳолда амалга оширди ва Жиноят кодексининг ана шу қилмишларни назарда тутувчи бир қатор моддаларига асосан Тошкент шаҳар Учтепа туман суди томонидан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Хайриятки, у жазодан муддатидан олдин озод этилди. Ҳа, у жазодан озод бўлди, ле­кин дилига чўккан шумлик, жиноий васваса исканжасидан барибир халос бўлолмади. Ва учинчи гал яна фирибгарлик жи­ноя­ти устида қўлга тушди. 2017 йил жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар суди уни ана шу қилмиш учун 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этди. Бироқ юртимизда қарор топган бағри­кенг­лик, кечиримлилик тамойилларига биноан, муддатидан 3 йилу салкам 4 ой олдин озодликка чиқарилиб, ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинди. Аммо у бу жазонинг салкам 4 ойинигина ўтай олди. Қари­йиб 3 йиллик жазо гарданида қол­ди.

Э. Ҳайитбоева 2019 йил тағин жиноят кўчасида пайдо бўл­ди. У ўз «ризқи»ни излаганча Урганч деҳ­қон бозорига борди. Бозорда у ўзини устомон сотувчи-тижоратчи сифатида таништирди. Цитрус мевалар билан савдо қилибгина қолмай, уни четдан олиб келишга ҳам қурби етишини айтиб, бозордагиларни ишонтирди. Карвони йўлга чиққани, ҳадемай Урганчга етиб келиши, ундаги банан-у, мандаринларни сув текин нархда сотиш ниятида эканини кўпчиликка маълум қилди.

Унинг жиддий ва ишончли оҳангдаги бурро сўз­лари беиз кетмади.

Э. Ҳайитбоева усталик билан қўйган тузоққа даставвал бозорда савдо қилаётган М. Ўринов илинди. Ўзаро келишувга мувофиқ «ҳожатбарор» аёл уни ниҳоятда харидорбоп банан меваси, ўғли М. Аҳмедовни эса, яп-янги ҳайдовчилик гувоҳномаси билан сийлайдиган бўлди. Камтарин хизматларини даставвал 2 миллион 520 минг, сўнгра 525 минг, пировардида эса, 517 минг, жами 3 миллион 562 минг сўмга баҳолади ва ушбу маблағни ҳаш-паш дегунча қўлга киритди.

Ваъда одатда, сўз кўмагида ифодаланади. Уни бажариш маж­бурияти эса, сўз берувчининг гарданига юкланади. Ваъданинг рост эканига ишонган мижоз ўртада келишилган ҳақни олдиндан тўлайди. Э. Ҳайитбоева ўзи томонидан берилган жарангдор ваъданинг тўловга оид биринчи босқичи М. Ўрунов тарафидан адо этилгани, яъ­ни ўзингизга аён 3 миллион 562 минг сўмни қўлга киритгунга қадар асло тиним билмади, бутун дунё кафтига жо эканини оғ­зидан қўй­мади. Ўзи сўраган пулни осонгина қўлга киритгач эса, бир зумда сўнди, ҳақи аллақачон тўланган молни эгасига бетўхтов етказиш, унинг ўғли номига ёзилган ҳайдовчилик гувоҳномасини шериги қў­лига тутқазиш, башарти сў­зининг уд­дасидан чиқолмаса, олинган пулни дарҳол ортга қайтариш юзасидан берилган баландпарвоз ваъдани бир пасдаёқ унутди.

…Ваъда учун харж сўралмайди. Аксинча, унинг ўзи пул-у, мол-дунёни етаклаб келади. Урганч деҳқон бозорининг янги валломат «тижоратчиси» изи узилмас, аммо таги бўш ва аслида бажарилмас ваъдалар йў­лидан юрди. Шу аснода гоҳо хорижнинг анвойи мевалари, гоҳида тилла тақинчоқ безаклар, бошқа гал эса, ноёб чинни идишлар билан савдо қилувчи «моҳир» савдогар сув­ратида намоён бўл­ди, кези келганида эса, талабгорларни исталган олий ўқув юртига жойлаб қўйишга қобилу-қодир валломат шахс сифатида ўртага чиқди.

Изи узилмас ваъда ва «ўғил болача сўз»ларнинг зап кучи бор-да, бари натижа берди. Мол-дунё дегани Э. Ҳайитбоеванинг чўнтаги томон бетўхтов оқ­ди ва саноқли ҳафталар ичидаёқ уни миллионлар қуршовига элтди. «Ишбилармон» аёл бу жараёнда бозор аҳлининг этагидан кириб, енгидан чиқди. Ашаддий жиноий қилмишнинг бозор узра сепилган «заҳарли уруғи» эса, тез­да ниш уриб, ҳо­­силга кирди.

2019 йилнинг март ойида М. Ўриновни чув тушириш чоғи ишга солинган ажабтовур пул ювиш усули орадан бир неча ҳафта ўтмаёқ яна бир фуқаро Р. Қаландаровга нисбатан ҳам қўлланилди. Ундан ундирилган 8,5 миллион сўм Эътиборхоннинг шахсий бойлигига дўнди.

Шу тариқа ўтган йилнинг март-август ойлари мобайнида бозорда савдо-сотиқ билан шуғулланаётган Г. Қўчқорованинг 71 миллион, М. Аметовнинг 6,4 миллион, Б. Еримбетованинг 23 миллион, Н. Аҳмедованинг 1,8 миллион сўм миқдоридаги пули ва қимматбаҳо буюмлари алдов ҳамда фирибгарлик йўли билан ўз­лаш­тирилди.

Ҳатто унинг назаридан Урганч шаҳрида атиги бир ой ижарада яшаган хонадон эгаси С. Тожиев ҳам четда қолмади. Э. Ҳайитбоева уни ҳам чув туширди. Аниқроқ айтганда, у хонадон соҳиби уйда йўқ эканидан фой­даланиб, 11,6 миллион сўмлик идиш-товоқ, кийим-кечак ва кўрпа-чойшабларни ўғирлаб кетди. Фуқаро М. Ўринов орқали эса, унинг ўғли М. Аҳмедовга тегишли фуқаролик паспортини қўлга киритди. Янги ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш баҳона эгаллаб олинган ушбу ҳужжат кейинчалик  йўқотиб юборилди.

Бу янглиғ ажабтовур во­қеа­ларнинг келиб чиқиши ва содир бўлишига оид кўпгина тафсилотлар ва унга сабаб бўлган бир қатор омиллар суд ҳамда тергов жараёнида тў­лиқ ойдинлашди. Аён бўлишича, Э. Ҳа­йит­боева Урганчда кечган бир неча ойлик ҳаёти давомида яшаш жойини икки маротаба ўз­гартирган ва бозорнинг икки нафар сотувчиси (юқо­рида фириб қурбони сифатида номи келтирилганлар орасида улар ҳам бор) билан турмуш қуриш ва ажрашишга ҳам улгурди. Э. Ҳа­йит­боева суд ва тергов чоғи уларнинг пулини орадаги эр-хотинлик ришталари боис ўз­лаштиргани, энди ора очиқ экани, ўзи томонидан содир қилинган бир неча жиноий қилмишга эса, вақтинчалик хуштори М. Ҳайдаров сабабчи бўлгани, қинғирликни унинг даъватига асосан амалга оширгани, қўлга киритилган маблағни унга ки­йим­-кечак харид қилганини рў­кач қилди. Ўзлаштирилган пулларнинг бир қисмини қарзга олгани, бунинг учун эса, яна бир жазмани М. Ўриновнинг ўғлига тегишли фуқаролик паспортини эгаллашга муваффақ бўлгани ва уни гаровга қўй­гани, ҳужжат шу аснода ном-нишонсиз йўқолганини тан олди. Пул эгаларининг қистови остида қарзни узиш па­йида бўл­гани, хусусан, фуқаро Б. Еримбетовадан олинган 23 миллион сўмнинг 11,5 миллион сўмини қайтариб берганини баён этди.

Суд жараёнида Э. Ҳайитбоеванинг фирибига дуч келган фуқаровий даъвогар М. Аметов айбланувчи томонидан ўзига етказилган — 6,4 миллион, С. Тожиев — 11,6 миллион, Н. Аҳмедова — 1,8 миллион, Г. Қўчқорова — 71 миллион сўм миқдоридаги пулларни ундириб беришни сўрадилар. Яна бир даъвогар Р. Қаландаров эса, судланувчи гарданидаги жами 9 миллион сўмлик тўловнинг атиги 1 миллион сўминигина қоплагани, қолган 8 миллион сўмни ундиришга ҳарчанд уринса-да, натижа чиқмаганини билдирди. Судда кўр­сатма берган М. Ўринов эса, собиқ жазманига нисбатан жами 3,62 миллион сўмлик даъвосидан воз кечганини билдирди.

Судда жиддий қонунбузарликка етаклаган бу сингари иллатларнинг бари атрофлича муҳокама қилинди. Дастлабки босқич суди Э. Ҳайитбоевага нисбатан Жиноят кодексининг фирибгарликка оид 168-моддаси 3-қисми “а”, “б” бандлари, ўғирликка доир 169-моддаси 3-қисми «а» банди, ҳужжатларни қасддан эгаллаш, йўқотиш ёхуд шикаст­лашга тааллуқли 227-моддаси 2-қис­ми «а» банди бў­йича тергов тарафидан қўйилган айбларни асосли, деб топди. Айни пайтда 2017 йил жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар судининг ҳукмига кўра, белгиланган жазонинг қарийиб 3 йили ўталмай қолгани ҳам назарда тутилди. Судланувчи ушбу асосларга биноан жами 5 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Ушбу ҳукм жиноят иш­­лари бўйича Хоразм ви­лоят­ суди аппеляция ҳайъатида ҳам кўриб чиқилди ва дастлабки босқич суди жи­ноят­ ишини қонун талабларига риоя этган ҳолда кўриб чиққани эътироф қилинди.

Суднинг кейинги ҳукмига асосан ўзининг 43 йиллик умри мобайнида 4 марта давомли тарздаги озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган аёлнинг шум тақдирига ачинмасликнинг иложи йўқ. Аммо ҳали фурсат бор. Тузалиш, тарбияланиш, аҳлоқан покланиш учун имконият эшиклари ҳозирча, ҳа, ҳозирча очиқ. Шитоб билан илгарилаётган давр ҳам қалтис йўл­га кирганларни турмушнинг нурли йўлларига чорлайди, тузалиш ва покланишга қаратилган саъй-ҳаракатларни олқишлайди. Бунинг акси саналган жирканч амалларни кескин қоралайди, уни ихтиёр қилган ёхуд машъум қилмишлар йўлидан қайтмаган, қайтишни хоҳламаганларни эса, бундан-да оғир қисматга дучор этади. Шу янглиғ аччиқ қисматга рўпара бўлмаслик ҳар ким, жумладан, ҳозирда жазо муддатини ўтаётган маҳкума Э. Ҳайитбоеванинг ўзига кўп жиҳатдан боғлиқ.

Сардорбек Тоғонов,

жиноят ишлари бўйича   

Хоразм вилояти судининг судьяси,

Абдулла Собиров,

журналист

Киритилди: 09:38 22.07.2020. Ўқилди: 3596 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!