Бугун 16 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Хоразмдаги психоневрологик диспансерига жойлаштирилган блогер Нафосат Оллашукурова хатти-ҳаракатларидан афсусда

Хоразмдаги психоневрологик диспансерига жойлаштирилган блогер Нафосат Оллашукурова хатти-ҳаракатларидан афсусда

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ 2019 йил 21 октябрь куни Омбудсман томонидан тузилган мониторинг гуруҳи суд қарорига кўра 2019 йил 26 сентябрда Хоразм вилоятининг психоневрологик диспансерига даволаш учун жойлаштирилган фуқаро Нафосат Оллашукурова билан учрашди. Бу ҳақда "7news.uz" ёзмоқда.

Мониторинг гуруҳи таркибида Омбудсман вакилларидан ташқари Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари А. Ташанов ва “Нажот” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Х. Якубов, шунингдек, психиатрия соҳасида етакчи экспертлар қатнашди.

Мониторинг гуруҳи ташрифи давомида Н. Оллашукурованинг руҳий ҳолати нисбатан барқарорлигига ва мулоқот қила олишига ишонч ҳосил қилди.

Суҳбат давомида у ўзига тиббиёт муассасаси ходимларининг самимий муносабатда эканлигини ва унга нисбатан бирор-бир руҳий ёки жисмоний таъсир ўтказиш ҳоллари бўлмаганлигини қайд этди.

Н. Оллашукурова уни маъмурий жавобгарликка тортиш учун асос бўлган ўз хатти-ҳаракатлари юзасидан афсусда эканлигини билдирди.

Мониторинг гуруҳида қатнашган тиббиёт ходимлари томонидан Н. Оллашукурованинг касаллик тарихини ўрганиш натижасида, унинг ташҳиси касалликлар халқаро таснифи КХТ-10 мезонларига мос келишини ва унга даволаниш клиник симптоматикага мувофиқ тайинланганлигини кўрсатди. Ташриф вақтида мутахассислар бемор ҳолати нисбатан яхшиланганлигини қайд этдилар. Шу билан бирга, айни вақтда тушкунлик аломатлари сақланиб турганлиги ва белгиланган даволаш курсини давом эттириш зарурлиги таъкидланди. Диспансер врачлари томонидан белгиланган дори воситалари орасида инсоннинг руҳий фаолиятини пасайтирадиган кучли таъсир кўрсатувчи препаратлар йўқлиги маълум бўлди.

Н. Аллашукурова ота-онаси билан телефон орқали суҳбатлашди ва уларга ўзининг ҳолати, қулай муҳитда сақланаётганлиги ҳамда унга тиббиёт ходимлари ҳурмат билан муносабатда бўлаётганлиги ҳақида хабар қилди. Н. Оллашукурова тўрт маҳал иссиқ парҳез таом билан таъминланган.

Суҳбат вақтида Н. Оллашукурова юқорида баён этилганлардан ташқари ўзининг моддий аҳволидан хавотирда эканлигини ва даволангандан сўнг, ишга жойлашиш истагини билдирди.

Мониторинг гуруҳи Н. Оллашукурова билан учрашган вақтда унинг акаси Тожимурод ҳам иштирок этди.

Киритилди: 15:56 24.10.2019. Ўқилди: 2970 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!