Бугун 12 ноябрь, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Хитойлик дипломат Япониянинг бош вазирига бошини кесиб ташлаш билан таҳдид қилди

Хитойлик дипломат Япониянинг бош вазирига бошини кесиб ташлаш билан таҳдид қилди

Хитойнинг Осакадаги бош консули Сюе Цзян ижтимоий тармоқ X (собиқ Twitter) орқали Япониянинг бош вазири Санаэ Такаичига “бир сония ҳам иккиланмасдан унинг ифлос бўйнини кесиб ташлашини” айтди. У бу сўзларига сабаб сифатида Такаичининг Тайванга оид баёнотларини муҳокама қилган мақолага ҳавола жойлаштирган.

Гап Япония парламентидаги Такаичининг чиқиши ҳақида кетмоқда. У ўз нутқида, агар Хитой билан Тайван ўртасидаги можаро ҳарбий тус олса — масалан, флот иштирокида — бу Япониянинг мавжудлигига таҳдид солиши мумкинлигини айтган. Энг ёмон сценарийда у Япония ҳарбийлари ҳам “коллектив мудофаа ҳуқуқи” асосида иштирок этишини истисно қилмаган.

Сюе Цзян ўзининг ҳақоратли постини тез орада ўчириб ташлади, бироқ у аллақачон кенг тарқалишга улгурган эди. Япония ҳукумати Хитой бош консулининг баёнотини кескин қоралади. Ҳукумат вакили Минору Кихара бу сўзларни “жуда ноўрин” деб атади. Такаичи эса парламентда ўз фикрларидан воз кечмаслигини маълум қилди.

Бунга жавобан Хитой ҳукумати Японияни “ўзининг тарихий айбини англашга” ва Тайван мустақиллигини қўллаб-қувватловчиларга “нотўғри сигнал юбормасликка” чақирди. Пекин Тайванни Хитойдан ажралиб чиққан вилоят деб ҳисоблайди ва уни материк билан “зарурат туғилса, куч билан” бирлаштириш кераклигини таъкидлайди. 10 ноябрь куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Лин Цзян матбуот анжуманида бу позицияни яна бир бор тасдиқлади: “Тайван — Хитой ҳудудининг ажралмас қисми.”

Bild нашри маълумотларига кўра, экспертлар Хитойнинг Тайванга босқини 2026 йил ноябрь ойидаёқ рўй бериши мумкин, деб ҳисобламоқда.

Киритилди: 19:17 11.11.2025. Ўқилди: 1088 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!