ХЖС бош прокурори Карим Хон шилқимлик айбловлари бўйича тергов якунлангунга қадар ўз лавозимидан четлатилди. Бундай қарорни Халқаро жиноий суд Рим статутига аъзо давлатлар Ассамблеясининг бюроси қабул қилди. Хоннинг адвокатлари қарорни ноқонуний деб аташди.
Хон аллақачон бир йилдан ортиқ вақт давомида тергов якунлангунга қадар маъмурий таътилда эди. У ёрдамчисига нисбатан шилқимлик қилганликда айбланмоқда. Хон ўзига қўйилган айбловларни рад этмоқда.
Маълумот учун, Карим Хон 2021 йилда ХЖС бош прокурори бўлди. У Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер бергани (украиналик болаларни Россияга ноқонуний депортация қилганлик айблови билан), шунингдек, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни ҳибсга олиш учун ордер бергани (Ғазо секторидаги ҳарбий жиноятлар айблови билан) билан танилган эди.