Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Вакцина пойгаси. Формула топилса, унга ким ва қачон эришади?

Вакцина пойгаси. Формула топилса, унга ким ва қачон эришади?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европадаги баъзи сиёсатчилар кўмаги билан коронавирус вакцинаси дозаларини адолатли тақсимлашни қўллаб-қувватлаётган бўлса-да, бир неча давлатлар ўз фуқаролари учун истиқболли ишланмаларга бўлган эксклюзив ҳуқуқни сотиб олишга уриниб, миллиардлаб доллар сарфламоқда.

Премьерасидан тўққиз йил ўтгач ҳам янги томошабинларга эга бўлган «Инфекция» фильмида вакцина аслида қаҳрамонлардан биридир. У учун олимлар гаровга олинади, шифокорлар синовлар охиригача ўзларига укол қилишади, ниқобли қароқчилар эса дори топиш илинжида мансабдор шахсларнинг қариндошлари уйларига бостириб киришади. Расмий равишда, Американинг CDC — Касалликларни назорат қилиш ва профилактика маркази лотерея ташкил қилади: вакциналар туғилган кунига қараб тарқатилади, дейди "Kun.uz".

Бу аслида қандай содир бўлади ва янги коронавирус учун вакцина ихтиро қилинганида (агар бунинг йўли топилса) нима бўлади?

Ҳамма ўзи учун

2009 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг вакциналарни тадқиқ қилиш ташаббусини ўша вақтда бошқарган Мари-Пол Кинининг таъкидлашича, ушбу жараённинг энг қийин қисми бу препаратни тарқатиш учун адолатли шарт-шароитларни яратишдир – «Ҳукуматлар вакцинани баҳам кўришга мойил бўлмаслиги мумкин». У ҳақ бўлиб чиқди.

2009 йилнинг ўзида бир қатор давлатлар чўчқа гриппи деб номланувчи H1N1 пандемик штамм учун вакциналарни ишлаб чиққан. Ушбу давлатлар орасида Австралия ҳам бор эди,  аммо вакциналарни ишлаб чиқарувчи компанияларга мамлакат маъмурлари биринчи навбатда ички талабни қондириш, кейин эса вакциналарни чет элга етказиб беришни буюрган. 

Энди деярли барча мамлакатларда бир савол бор: вакцина учун навбатдан қандай жой олиш мумкин? У қай йўсинда тарқатилади? Буни ким ҳал қилади? Буларнинг барчаси ҳозирда ЖССТни ҳам ташвишлантирмоқда. Ташкилотнинг таъкидлашича, устувор масалалар унга аъзо давлатлар вакиллари билан мунтазам учрашувларда муҳокамага сабаб бўляпти. Вакцина биринчи навбатда шифокорларга ва аҳолининг энг заиф қатлами – кекса одамларга тақдим этилиши керак деган таклифлар мавжуд. Шундан сўнг, вакцинанинг янги дозалари пайдо бўлиши билан ундан кўпроқ одамлар фойдаланиши мумкин бўлади. Аммо бу ЖССТнинг режаси холос.

«Катта эҳтимол билан, вакцинани биринчилардан бўлиб ишлаб чиққан мамлакат, авваламбор, ўз аҳолисининг аксарияти эмланмагунча унинг экспортини тақиқлаб қўяди, – дейди АҚШнинг Жонс Ҳопкинс университети пандемия ва юқумли касалликлар бўйича мутахассиси Амеш Адалья. – Албатта, бу содир бўлмаслиги учун ҳаракат қилаётган бир неча халқаро ташкилотлар, масалан CEPI (Эпидемияга тайёргарлик соҳасидаги инновациялар коалицияси - BBC) мавжуд. Аммо аминманки, вакцина муаллифига айланган давлат уни аввало ички бозорда тарқатиши эҳтимоли юқори».

Баъзи давлат раҳбарлари юқумли касаллик пайтида «ҳар ким ўзи учун» тамойилини қўллаш мумкин эмаслигини таъкидлашди. Франция президенти Эммануэл Макроннинг сўзларига кўра, вакцина имконияти «бутун сайёрада бўлиши керак». Уни Канада бош вазири Жастин Трюдо қўллаб-қувватлаб, «биз ўзимизга ҳам ва дунёнинг қолган қисмига ҳам ғамхўрлик қилишимиз керак» деб айтди. 

CEPI вакцинология соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштиради ва соҳанинг ишлаб чиқариш манбаларини кўпайтиришга ёрдам беради (ташкилотнинг ўзи бир нечта йирик фондлар, жумладан Билл ва Мелинда Гейтс жамғармаси, шунингдек, Буюк Британия, ЕИ, Япония ва бошқаларни ўз ичига олган миллатлар консорциуми томонидан молиялаштирилади). Ҳозирда коалиция тўққиз турдаги вакциналар ишлаб чиқилишини қўллаб-қувватламоқда ва бунга параллел равишда – улардан ҳеч қайсиси клиник синовдан ўтказилмаганига қарамай, ЖССТ билан ҳамкорликда таъминот тармоғини яратмоқда. 

«ЖССТ вакциналар синовини тезлаштириш ва вакцина мавжуд бўлгандан кейин барча мамлакатлар керакли дозаларни олишлари учун унинг ишлаб чиқарилишини кенгайтириш мақсадида ҳомий компаниялар, шунингдек CEPI билан биргаликда ишламоқда. Бутун дунё бўйлаб истиқболли вакциналарни қўллаб-қувватлаш учун маблағлар ажратилмоқда: 2020 йил охирига бориб яроқли формула топилса, ҳисоб-китобларимизга кўра, 2021 йил охиригача эмланишни истаган устувор популяциялар буни амалга ошириши учун етарлича дозаларга эга бўлади», дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидагилар. 

Нега шунча узоқ?

Баъзи давлатлар, асосан Европа мамлакатлари, вакцинани ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик қилиш ва ЖССТ ҳомийси бўлган коронавирусга қарши кураш учун пул йиғиш кампаниясида қатнашиш ҳақида гапиришса-да, баъзилар ҳали ҳам ўз йўлларида қолишга қарор қилишмоқда. Масалан, АҚШ ва Россия ёлғиз ҳаракат қиляпти.

Россиянинг «Вектор» давлат вирусология ва биотехнология илмий маркази SARS-CoV-2 (янги коронавирус шундай аталади) учун ўз вакцина яратиш устида ишламоқда - бу везикуляр стоматит вирусига асосланган вакцина. ЖССТ ишланмани ривожланиш истиқболли номзод вакциналар рўйхатига киритган. Россия вакцинасини ишлаб чиқувчилар ЖССТ томонидан ташкил этилган маълумотлар алмашинувида фаол иштирок этиб, буни фойдали тажриба деб аташмоқда. 

«Вектор»нинг бу борадаги саноат ҳамкори бўлган Санкт-Петербургдаги Biocard компанияси тижоратлаштиришнинг барча жараёнини ташкиллаштиради: клиникадан олдин ўтказилган синовлардан тортиб, келажакда вакцинани ишлаб чиқариш ва тарқатишгача. Biocard бош директори Дмитрий Морозовнинг сўзларига кўра, мутахассислар июль ойининг ўрталарига келиб SARS-CoV-2 вакцинасини клиникадан олдинги синовларини ўтказиши режалаштирилган, шундан сўнг ишлаб чиқувчилар клиник тадқиқотлар учун рухсат олишлари керак, улар эса оптимистик прогноз билан август ойи охири - сентябрнинг бошида бошланиши керак. Шундай қилиб, йил охирига келиб, ушбу эмлашнинг самарадорлиги аниқлашади. 

Ҳозирги қувват компанияга ойига тахминан 5-6 миллион дозада вакцина етказиб беришга имкон беради ва дастлаб бу вакциналар Россия бозорида тарқатилади.

«Эмлаш режаси эълон қилинади – умид қиламизки, давлат ушбу вакцинацияни молиялаштиради – ва ушбу режага биноан, биз вакцинани етказиб берамиз. Вакцинани етказиб бериш бўйича халқаро ҳамкорлар томонидан мурожаатлар аллақачон келиб тушган. Ишлаб чиқариш ҳажми ошиши ва Россия бозорида талаб камайгани сайин, албатта, биз дозаларни чет элга етказиб беришни бошлаймиз», деди Морозов BBC'га. 

Агар мақсад пандемияни тўхтатиш бўлса, унда оммавий эмлаш керак: агар коронавирусдан иммунитетга етарлича одам эга бўлса, вирус ҳозирги каби тез суръатда юқмайди, касалланиш хавфи сезиларли даражада камаяди ва одамлар тез орада одатий ҳаёт тарзига қайтишади. 

Аммо ҳозир бутун дунёда сайёранинг барча аҳолисини қониқтирадиган бундай имконият йўқ. Economist журнали маълумотларига кўра, ҳар йили барча мавжуд вакциналарнинг 5 миллиард дозаси ишлаб чиқарилади, уларнинг 1,5 миллиарди мавсумий гриппга қарши вакциналардир. Агар коронавирус учун битта вакцинани ишлаб чиқариш учун барча мавжуд имкониятларни қайта лойиҳалаштирилса ҳам (бу ўз-ўзидан мумкин эмас, чунки компаниялар мавсумий грипп, қизамиқ, қизилча ва бошқа касалликларга қарши вакциналарни ишлаб чиқаришни давом эттирмоқда), сайёрамиздаги 7,8 миллиард одамни эмлаш учун бир ярим йилдан кўпроқ вақт керак бўлади. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ижтимоий иммунитетни яратиш учун аҳолининг 80 фоизини эмлаш кифоя. Тўғри, одамлар битта эмас, балки, масалан, иккита дозага муҳтож бўлишлари мумкин. Шунда гап 12-15 миллиард доза вакцина ҳақида кетади. 

Шу билан бирга, ЖССТ ва CEPI дунёдаги энг ҳимоясиз аҳолини эмлаш учун 2 миллиард дозани сотиб олиш режасини тақдим этган. 2021 йил охирига келиб тиббиёт ходимлари, 65 ёшдан ошган одамлар ва диабет касаллиги каби Covid-19 кечишини оғирлаштирадиган касалликлардан азият чекувчилар эмланиши мумкин.

ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, ушбу улкан режани амалга ошириш учун тахминан 18,1 миллиард доллар талаб қилинади. Бу унчалик катта миқдордаги маблағ эмас – оғир аҳволга тушиб қолган Lufthansa ва Air France авиакомпаниялари Германия ва Франция шунча маблағ ёрдам олади. Дунёнинг фақатгина энг йирик давлатлари келгуси икки йил ичида  пандемия туфайли 12 триллион доллардан ошиқ камомад юзага келадиган глобал иқтисодиётни тиклаш учун 10 триллион доллардан кўпроқ маблағ ажратишга ваъда беришган.

Қувватни қаердан олиш керак?

Россиянинг Boicard компанияси вакцинани оммавий ишлаб чиқариш учун қўшимча имкониятлар кераклигини тан олади – компания ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва жараённи тезлаштириш учун бошқа компаниялар билан ҳамкорлик қилишни ўйламоқда. Аммо ҳозирча гап фақат ички бозор ҳақида бормоқда; бундан ташқари, бошқа давлатлар ҳам ўз вакциналари эртароқ тайёр бўлишидан умидвор. 

CEPI йилига тўрт миллиард дозани ишлаб чиқариш учун воситалар топилганини даъво қилмоқда. «Кўпчилик йилига тўрт миллиард дозада вакцина яратиш мумкинлигига ишонмайди. Мен ишонаман», дейди коалиция вакили Жеймс Робинсон.

Ишлаб чиқариш қувватлари инфратузилмаси эмлаш турига боғлиқ. Вирусли вакцина (зарарли нейтраллаштирилган вирусни ўз ичига олган), вектор туридаги (SARS-CoV-2 геномининг бир қисми бошқа вируснинг конвертига жойлаштирилади) муваффақиятли бўлиши мумкин ёки бу ДНК ва РНК асосидаги вакциналар, оқсилли ва бошқалар бўлиши мумкин. Муваффақиятли вакцинанинг «рецепти» аниқ бўлмасдан қувватни йўналтиришнинг иложи йўқ. 
Дунё коронавирусни аниқлаш учун тестларни ишлаб чиқаришда аллақачон шунга ўхшаш муаммога дуч келди: реагентлар (синов учун зарур бўлган кимёвий моддалар) етишмаслиги туфайли кўплаб давлатлар кенг кўламли синовларни тез вақт ичида ўтказа олмади. Вакцина билан боғлиқ жараён учун стандарт бўлган таркибий қисмлар ҳам етишмаслиги мумкин – шиша пуфакчалар, биореакторлар ёки ёрдамчи моддалар. 

АҚШ хусусий фармацевтика компанияларига клиник синовлар, сертификатлаш ва ишлаб чиқаришни тезлаштиришда ёрдам бериб, уларга ишонч билдирмоқда.

АҚШ оммавий ахборот воситаларига кўра, вакцина ишлаб чиқарувчи 5та компания ҳукумат билан фойдали шартномалар имзолади. Улар асосан фармацевтика саноатида таниқли компаниялар: AstraZeneca, Johnson&Johnson, Merck ва Sanofi. Бешинчиси, Аллергия ва юқумли касалликлар миллий институти билан ҳамкорлик қиладиган камроқ таниқли Moderna. Расмийлар вакцина ишлаб чиқувчиларни қандай танлаганликларини аниқ изоҳлашмаган, аммо Дональд Трамп «ёруғлик тезлигидан ҳам чаққон» ҳаракат қилишни ваъда қилмоқда (инглиз тилида бу режа Operation Warp Speed деб номланади). 

Баъзи мамлакатлар вакцинани турли ишлаб чиқарувчилардан тўғридан тўғри сотиб олиш бўйича дастлабки келишувларни тузишга аллақачон ҳаракат қилишмоқда. Баъзилар аввалдан пул тўлаб қўйган. Масалан, Германия, Франция, Италия ва Нидерландия бирлашиб, AstraZeneca британ-швед концерни билан камида 300 миллион доза вакцинасини етказиб бериш тўғрисида келишув имзолашган. Худди шу миқдордаги дозалар АҚШ томонидан банд қилинган. AstraZeneca компанияси ўз навбатида янги вакцинани ишлаб чиқаётган Оксфорд университети билан ҳамкорлик қилади. Тўғри, Британия вакцинага нисбатан ўз ҳуқуқини аллақачон эълон қилган, бу препаратни биринчи бўлиб айнан британияликлар қабул қилишади. 

Муаммо шундаки, ҳозирги вақтда қайси ишланма самарали ва қайси бири муваффақиятсиз бўлишини олдиндан айтиш қийин. Шу сабабли, муваффақиятсиз вакцинага маблағ киритган мамлакат охирида ҳеч нарсасиз қолиши мумкин.

 

Киритилди: 06:00 04.07.2020. Ўқилди: 4394 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!