Бугун 25 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Ўзбекистонда нега коронавирусга чалинганлар сони камаймаяпти?

Ўзбекистонда нега коронавирусга чалинганлар сони камаймаяпти?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорат давлат инспекцияси бошлиғи, Республика Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков АОКАда ташкил қилинган махсус штабдаги брифингда нима сабабдан тузалганлар ҳақидаги хабарлар кўплигига қарамай касалланганлар сони ортиб бораётганига изоҳ берди.

«Бизда касалланганлар ва даволанаётган беморларнинг 40 фоизи коронавирусни хорижда юқтириб олган, 60 фоизи эса COVID-19 ни ўша 40 фоиз қатламига кирувчи инсонлардан юқтирган. Ҳозир республика бўйича 100 мингдан ортиқ одам тиббий кузатувлар остида турибди. Улар орасида касаллик аниқланиши табиий, биз 100 минг аҳолини 14 кун давомида кузатиб, бирорта ҳам бемор топилмайдиган даражага келсак, эпидемик жараён жиловини қўлга олган ва касаллик тарқалишига барҳам берган бўламиз. 4 апрель ҳолатига кўра, рўйхатга олинган 263 нафар беморнинг 102 нафари COVID-19 ни чет элдан юқтириб келган, 161 нафари эса улар билан мулоқот қилиши оқибатида коронавирусга чалинган» , — дейди Отабеков.

Ҳамма супермаркет ва бозорларга кираверишга тепловизорлар ўрнатиш ҳақидаги саволга ҳам жавоб қайтарган Нурмат Отабеков ҳатто ривожланган давлатларда ҳам бундай чора қўлланилмагани, ускуна анчайин қиммат туриши, лекин одам ҳароратини ўлчайдиган термометрлар ҳамма жойда борлигининг ўзи ҳам яхши ечим эканини қайд этди.

Шунингдек, ҳукумат вакили 40 даража иссиқ шароитда коронавируснинг атмосфера ҳавосида йўқ бўлиб кетиши ҳақидаги маълумотлар юзасидан ҳам фикрини баён этди.

«Коронавирус касаллиги қўзғатувчиси қуруқ ва иссиқ ҳавода узоқ вақт қола олмайди, тезда нобуд бўлади. Сингапурда ушбу фаразнинг бироз нотўғри экани, ҳатто коронавируснинг 70 даража иссиқда ҳам яшай олиши исботланибди. Иссиқ кунлар келиши Ўзбекистон шароитида коронавирус инфекцияси тарқалишига тўсқинлик қилиши, уни енгишга ёрдам бериши мумкин» , — деган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорат давлат инспекцияси бошлиғи.

Бундан ташқари Отабеков коронавирус инфекцияси ҳавода, дейлик кўпқаватли уйларнинг лифтларида, зинапоя ушлагичларида қанча вақт яшай олиши мумкинлиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

Унинг сўзларига кўра, бу борада аниқ жавоб йўқ, агар касалланган одам лифтда акса урса ва ундан кейин кимдир кириб, ушбу ҳавода нафас олса, касаллик юқтириш эҳтимоли кўпаяди. Тавсиялар бўйича, иложи борича, бемор ушлаган буюмлардан, у ишлатган жиҳозлардан фойдаланмаслик зарур. Лифт тугмачаси, эшик ушлагичлари ва бошқа шунга ўхшаш нарсаларга қўл билан тегинмаслик лозим.

Киритилди: 23:46 05.04.2020. Ўқилди: 7875 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!