Ўзбекистонликларга квартира сотиб олишга пул жамғариш учун 16 йилдан ортиқ вақт керак, бу Марказий Осиё давлатлари орасида энг узоқ муддат. Бу ҳақда собиқ совет давлатлари бўйича рақамларга ихтисослашган Геостатистика портали маълумот берди.
Қайд қилинишича, ўзбекистонликлар ўртача 482 доллар маош билан 96,8 минг доллар қийматли квартира учун 16 йил 9 ой пул жамғаришига тўғри келади. Таққосланишича, қозоғистонликларга квартира учун 7 йил 8 ой, қирғизистонликларга 13 йил 6 ой, тожикистонликларга 15 йил 9 ой вақт керак.
Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, муддатлардаги тафовут бир квадрат метр нархи ўртасидаги фарқ билан ҳам, мамлакатлардаги ўртача иш ҳақи даражаси билан ҳам изоҳланади.