Бугун 28 март, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Ўзбекистонда ишсизлик, айниқса, ёшлар ўртасида ишсизлик муаммоси бўлмаслиги керак

Ўзбекистонда ишсизлик, айниқса, ёшлар ўртасида ишсизлик муаммоси бўлмаслиги керак

Биз мамлакатимизда ишсизлик, айниқса, ёшлар ўртасидаги ишсизлик муаммоси бўлмаслиги керак, деб ҳисоблаймиз. Фуқаролар бандлигини тўлиқ таъминлаш ва меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш, янги иш ўринларини яратиш, меҳнат бозори инфратузилмасининг мувозанатланганлиги ва ривожланишига эришиш, ишсизлик даражасини қисқартириш мамлакат ижтимоий-иғтисодий ривожланишининг муҳим шарти ҳисобланади. Биз “Тадбиркорлик — аҳоли бандлигининг гарови!” ғояси ҳаётимизга тўлиқ жорий этилишига интиламиз ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси амалиётини қўллаб-қувватлаймиз.

Партиямиз мазкур йўналишда иш ўринлари захирасини яратиш, аҳоли, жумладан, хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож бошқа тоифалари, энг аввало, ёшларни ишга жойлаштиришда янги усуллардан фойдаланиш, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш, реал иш ҳақи барқарор ўсишига кўмаклашувчи солиқ сиёсатини амалга ошириш чора-тадбирларини таклиф этмоқда. 

Кичик бизнес ва фермерликни иш ўринларини яратувчи генератор сифатида изчил қўллаб-қувватлаймиз. Оилавий тадбиркорлик, касаначилик, томорқа хўжалиги ва хусусий тадбиркорликни аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар оилавий бюджети даромадларини ўстиришнинг энг самарали шаклларидан бири сифатида кўрамиз. Шу маънода, ишга лаёқатли аҳоли учун уларнинг меҳнатга доир ва тадбиркорлик фаоллигини юзага чиқариш, ишчи кучининг сифатини яхшилаш, бозор талабларини ҳисобга олиб, ишга жойлашишга муҳтож бўлган шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, оилавий тадбиркорлик, касаначилик, томорқа хўжалиги ва хусусий бизнес билан машғул фуқароларнинг замонавий машина, ускуна, хом ашё ва материаллар харид қилиши учун молиявий ресурсдан фойдаланиш имкониятларини янада яхшилаш, уларга маркетингни ўргатиш, касаначилик маҳсулотлари (ишлар ва хизматлар) ишлаб чиқарилишини ташкил этиш мақсадида буюртмачиларни излаш ҳамда бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариши учун тадбиркорликнинг бошқа субъектлари билан кооперацияга киришишига йўналтирилган чора-тадбирларни изчиллик билан давом эттирамиз.

Маълумки, кейинги йилларда юртимизда ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга жўнаб кетаётган фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларга зарур ҳуқуқий, ижтимоий, ахборот-маслаҳат ёрдами кўрсатиш ва моддий қўллаб-қувватлаш борасида кўламли саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганига қарамай, янги иш ўринлари ташкил этишда давлат буюртмаларини ишлаб чиқиш, айниқса, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатлами учун иш жойлари квотасини белгилаш, аниқ мақсадга йўналтирилган комплекс тадбирларни амалга оширишда қатор муаммолар мавжуд.

Уларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг амалий таклифлари асосида давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 20 августдаги “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжатда фуқароларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш, улар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини кучайтириш, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар, шунингдек, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган аниқ вазифалар кўзда тутилган.

Шунга мувофиқ, меҳнат мигрантларига бир йил муддатга сўраладиган ҳужжатлар минимал пакети (паспорт, ариза, меҳнат органи илтимосномаси) гаров таъминотисиз, уни тезлаштириб, бир банк иш куни давомида беришни расмийлаштириш маъқулланди. Шунингдек, хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ бўлган харажатни тўлаш учун 2 миллион сўм миқдорида микроқарз бериш тизими жорий этилмоқда. Бундан ташқари, ҳужжатга кўра, эндиликда вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун хорижга жўнаш истагини билдирган шахсларга онлайн режимида ишга жойлашиш тартиби, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, қонунчиликда назарда тутилган молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида ахборот бериб борилади, уй-жой шароитини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига 2020 йилда кўп квартирали уйлардан 3462 та хонадон ажратиладиган бўлди.

Биз сайловолди дастуримизда аҳолининг тўла бандлигини таъминлаш ва меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда ишсизлик даражасини қисқартириш каби ўта муҳим вазифаларни белгилаб олганмиз. 

Партия келгуси фаолияти давомида Ўзбекистоннинг халқаро ишчи кучи бозорига босқичма-босқич кириб бориши, меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, ўз уйи, оиласини ташлаб узоқ юртларда даромад топиш мақсадида ишлаётган юртдошларимиз ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари кафолатларини кучайтириш, жамиятда уларга нисбатан билдирилаётган ҳар қандай салбий муносабат ва фикрларга қарши туриш ҳамда давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир “Меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ташаббусини кўрсатмоқда.

Мавлудахон ХЎЖАЕВА,

O‘zLiDePдан Олий Мажлис

Қонунчилик палатаси

депутатлигига номзод

Киритилди: 12:01 05.12.2019. Ўқилди: 3415 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!