Бугун 24 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Ўзбекистонда ишлаб чиқаришда ҳалок бўлаётганлар сони ортмоқда

Ўзбекистонда ишлаб чиқаришда ҳалок бўлаётганлар сони ортмоқда

Ўзбекистон Меҳнат ва бандлик вазирлиги меҳнат муҳофазасига риоя этилмаслиги оқибатида мамлакатда бахтсиз ҳодисалар сони ортмоқда, дея бонг урмоқда. Бу ҳақда вазирлик матбуот-хизматига таянган ҳолда Sputnik мухбири хабар берди.

Жумладан, 2018 йил республика бўйича йил давомида ишлаб чиқаришда 554 та бахтсиз ҳодиса юз берган, шулардан 164 таси ўлим билан тугаган, 364 таси оқибати оғир ва 26 таси гуруҳий бахтсиз ҳодисаларни ташкил этган.

Ушбу бахтсиз ҳодисалар оқибатида 183 нафар ходим ҳалок бўлган, 428 нафари оғир ва 47 нафари енгил тан жароҳати олган.

Республика бўйича жорий йилнинг 5 ойи давомида ишлаб чиқаришда 228 та бахтсиз ҳодисалар юз берган, шулардан 61 таси ўлим билан тугаган, 155 таси оқибати оғир ва 11 таси гуруҳий бахтсиз ҳодисаларни ташкил этган.

Таҳлилий текширувлар бахтсиз ҳодисаларда асосан иш берувчи томонидан меҳнат муҳофазаси талаблари бажарилмаслиги; ходимларнинг меҳнат муҳофазаси қонунчилигидан етарлича хабардор эмаслиги ва шунга мувофиқ ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб этмаслиги; ходимларнинг норасмий ишлатилиши; меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирларига маблағ ажратилмаслиги; ходимларни меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқлардан ўтказиш, меҳнат хавфсизлигига ўқитиш ва билимларни текширган ҳолда ишга тайинлаш ташкил этилмаганлиги каби омиллар таъсири мавжудлигини кўрсатган.

Бандлик ва меҳнат вазирлиги ушбу қонунбузарликларга нисбатан тегишли чора-тадбирлар кўрилаётганини маълум қилган. Хусусан, жорий йилнинг ўтган давридаги қонунбузилишларни бартараф этиш бўйича 6118 та ёзма кўрсатмалар ва 298 та тақдимномалар киритилди, 7262 нафар мансабдор шахсга нисбатан 4899,1 млн. сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилган.

Бахтсиз ҳодисаларни махсус текшириш жараёнида қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйганлиги учун 207 нафар мансабдор шахсга нисбатан 395543 минг сўмлик маъмурий жарима қўлланилди.

Қолаверса, 2019 йилнинг 5 ойи давомида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан жами 7152 нафар фуқаро мурожаатлари кўриб чиқилиб, шундан 4168 та мурожаат қаноатлантирилган ва 2449 нафар фуқаронинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари тикланган, 2830 нафар фуқарога тегишли маслаҳат ва тушунтиришлар берилган, 447 нафар фуқаронинг жами 2 млрд. сўмдан ортиқ иш ҳақлари тегишли тартибда ундирилган.

 

Киритилди: 18:17 12.06.2019. Ўқилди: 2448 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!