Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Ўзбекистонда икки фуқаролик учун жавобгарлик белгиланмоқда

A A A
Ўзбекистонда икки фуқаролик учун жавобгарлик белгиланмоқда

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Фарҳод Ашматов маълум қилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 21-моддасига мувофиқ, республиканинг бутун ҳудудида ягона фуқаролик белгиланган. Бироқ амалиётда хорижда яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан ўзлари бўлиб турган давлатнинг фуқаролигини қабул қилиш ҳолатлари учрамоқда. Чунки айрим давлатларда иккинчи фуқароликка эга бўлиш қонун билан тақиқланмаган.

Амалдаги қонунчиликда Ўзбекистон Республикаси ваколатли органларига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан чет давлат фуқаролигини қабул қилиш ҳолатларини аниқлаш вазифаси юклатилган бўлиб, аммо фуқароларнинг ушбу факт юзасидан давлат органларига хабар бериш мажбурияти мавжуд эмас эди.

Ана шундай муаммоларнинг олдини олиш ва келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик ва фуқароларнинг бу борадаги масъулиятини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги 24 августдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишда бир овоздан маъқулланди.

Қонун амалиётда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини фуқароликдан чиқмасдан, чет давлат фуқаролигини олишлари билан боғлиқ бўлган муаммоларни бартараф этишга қаратилган.

Қонун лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилган:

  • Ўзбекистон Республикаси фуқаролигида бўлган ва чет давлат фуқаролигини олган шахсларни, чет давлат фуқаролигини қабул қилган кундан бошлаб ўттиз календаръ куни ичида хабар бериш тартиби жорий қилинди;
  • Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан чет давлат фуқаролиги олганлиги хақида белгиланган муддатда хабар бермаганлиги учун жавобгарлик киритилди;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тугатилган шахс томонидан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги паспорти ёки идентификация ID-карталаридан фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди;
  • Давлат хизматчилари ёки ҳокимият вакили вазифаларини бажарадиган ёки давлат органларида ташкилий-бошқарув ёхуд маъмурий-хўжалик функцияларни бажарадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан чет давлат фуқаролиги олганлиги ҳақида белгиланган муддатда хабар бермаганлиги учун жавобгарлик белгиланди.

Қонун имзоланиб кучга кириши билан қуйидаги натижаларга эришилади:

  • Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқишдаги ҳуқуқий бўшлиқ бартараф этилади;
  • чет давлат фуқаролигини қабул қилганлиги ҳақида ўз вақтида хабар бермаганлиги учун жавобгарликни белгилаш орқали, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, айниқса, давлат хизматчиларининг масъулияти оширилади;
  • Ўзбекистон Республикасида икки фуқаролик билан боғлиқ юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларнинг олди олинади;
  • соҳага доир ҳуқуқни қўллаш амалиётининг аниқ ва бир хилда бўлиши таъминланади.
Киритилди: 16:35 27.09.2021. Ўқилди: 4627 марта. Фикрлар сони: 7 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!