Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 42 миллиард доллардан ошди

Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 42 миллиард доллардан ошди

2019 йил якунида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 42,2 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,3 млрд долларга ўсди (ўсиш суръати – 26,2%). Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати маълумот тайёрлади.

Маҳаллий товарлар ва хизматларнинг хорижий мамлакатларга экспорти 2018 йилга нисбатан 3,9 млрд долларга ёки 15%га ўсди ва 17,9 млрд долларни ташкил этди.

Экспортнинг асосий улуши қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо металлардан тайёрланган маҳсулотлар - 5,1 млрд доллар (умумий экспортдаги улуши 28,5 %), хизматлар - 3,6 млрд доллар (19,9%), энергия ташувчилар - 2,5 млрд доллар (14,1%), тўқимачилик маҳсулотлари - 1,6 млрд доллар (9,1%), озиқ-овқат маҳсулотлари - 1,5 млрд доллар (8,5%), рангли металлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар - 951,3 млн доллар (5,3%), кимёвий маҳсулотлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар - 876,9 млн доллар (4,9%), қора металлар ва ундан тайёрланган буюмлар - 349,6 млн доллар (2%) ҳиссасига тўғри келади.

2019 йил давомида 2,700та янги корхоналар экспорт фаолиятига жалб қилиниб, улар ҳисобига 1 млрд доллардан ортиқ қўшимча экспорт амалга оширилди. Бундан ташқари, 42та мамлакатлар бозорларига 206та янги турдаги маҳсулотлар экспорти ўзлаштирилди.

Республика импорт кўрсаткичи ҳисобот даврида 4,8 млрд долларга ўсиб, 24,3 млрд долларга етди, бу эса 2018 йилга нисбатан 25 %га кўпдир.

Импорт таркибини асосан асбоб-ускуналар - 5,6 млрд доллар (жами импортдаги улуши 23,1%), транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлар - 2,6 млрд доллар (10,8 %), хизматлар - 2,4. млрд доллар (10%), қора металлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар - 2,2 млрд доллар (9,1%), электр жиҳозлари - 1,3 млрд доллар (5,5%), озиқ-овқат маҳсулотлари - 1,2 млрд доллар (5,2%), энергия ташувчилар - 928,1 млн доллар (3,8%), фармацевтика маҳсулотлари - 926,8 млн доллар (3,8%), ёғоч ва ундан тайёрланган маҳсулотлар - 903,7 млн доллар (3,7%), кимёвий маҳсулотлар - 843,5 млн доллар (3,5%), пластмасса ва ундан тайёрланган маҳсулотлар - 811,7 млн доллар (3,3%) ва бошқалар ташкил қилади.

Ўзбекистоннинг ташқи савдо ҳамкорлари сони ҳисобот даврида 178 тани ташкил этди. Айни пайтда Хитой (7,6 млрд доллар ёки 18,1%), Россия (6,6 млрд доллар ёки 15,7%), Қозоғистон (3,3 млрд доллар ёки 8%), Корея Республикаси (2,7 млрд доллар ёки 6,5%), Туркия (2,5 млрд доллар ёки 6%), Германия (980 млн доллар ёки 2,3%), Қирғизистон (829 млн доллар ёки 2%), Афғонистон (618 млн доллар ёки 1,5%) ва АҚШ (596 млн доллар ёки 1.4%) товар айланмаси бўйича етакчилар ҳисобланадилар.

МДҲ мамлакатлари билан савдо ҳажми 12,2 млрд долларни ташкил этиб, бу ўтган йилга нисбатан 20%га кўпроқдир. Шу нуқтаи назардан Россия (МДҲ мамлакатлари билан умумий савдонинг 54%), Қозоғистон (27%), Қирғизистон (6,7%), Туркманистон (4,4%) асосий савдо шериклар ҳисобланади.

Шунингдек, қўшни давлатлар билан ташқи савдо ҳажми сезиларли даражада ўсиб, 5,8 млрд долларни ташкил этди (2018 йилга нисбатан 25%га ўсди), бунда экспорт қарийб 3,2 млрд долларни ва импорт 2,6 млрд долларни ташкил этди.

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20та йирик ҳамкор давлатлар орасида 5та мамлакат - Қирғизистон, Афғонистон, Тожикистон, Эрон ва Франция  билан ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси кузатилмоқда.

 

Киритилди: 15:08 17.01.2020. Ўқилди: 2133 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!