Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Ўзбекистон қанча гулқоғоз импорт қилади?

Ўзбекистон қанча гулқоғоз импорт қилади?

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, Ўзбекистонга четдан қанча гулқоғоз кириб келади? Бизда мазкур қурилишбоп маҳсулотни ишлаб чиқаришга қанчалик эътибор қаратилмоқда? Бозор эҳтиёжини тўлдира оляпмизми?Бу каби саволларга яқинда “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ташаббуси билан Тошкент шаҳрида шу йўналишда фаолият кўрсатаётган “Pergament Quality Exclusive” корхонасига уюштирилган пресс-турда жавоб олишга ҳаракат қилдик.

Мутахассисларнинг айтишича, республикамизга бир йилда 10-12 миллион ўрам гулқоғоз четдан олиб келинади. Айни пайтда юртимизда бунёдкорлик ишлар жадал тус олиб,кўплаб тураржойлар барпо этилаётганини инобатга олсак, бу маҳсулотга бўлган талаб ошса-ошадики, асло камаймайди.

Шу маънода, корхонанинг флезилин асосидаги винил гулқоғозлари хонадон ва офисларни безатишда айни муддаодир. Ваҳоланки, шу кунга қадар мамлакатимизда ушбу маҳсулот тўлиғича импорт ҳисобидан қоплаб келинарди.

— Корхонамиз нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёда ягона флезилин асосли винил гулқоғозлар ишлаб чиқарувчисидир, — дейди “Pergament Quality Exclusive” МЧЖ таъсисчиси Аваз Ғайбуллаев. —Маҳсулотларимиз сифати Европа ишлаб чиқарувчилариники билан бир хил бўлишига қарамай, бозорга чет элникидан икки баравар арзон нархда етказиб берилмоқда.

Корхонада йилига 2 миллион 640 минг ўрам гулқоғоз ишлаб чиқарилади. Демак, бундан кўринадики, корхона импортнинг 10 фоизини қоплайди, холос. Шу боис жамоа бу миқдор билан чекланиб қолмоқчи эмас. Гап шундаки, келгуси йилдан иккинчи линия ишга туширилиб, ишлаб чиқариш ҳажми 2 баравар оширилади. Бундан ташқари, хомашёнинг 30-40 фоизини маҳаллийлаштириш, турдош қурилиш материаллари ҳам ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

Корхона томонидан жорий йилнинг январь-октябрь ойларида 39 миллиард сўмлик гулқоғоз ишлаб чиқарилган бўлса, Марказий Осиё давлатлари, шунингдек, Озарбайжон ва Ҳиндистонга 1,4 миллион АҚШ долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Гулқоғозга бўлган талаб юқори экан, уни ишлаб чиқарувчиларни кўпайтириш зарур.Зеро, ушбу тармоқ ривожига эҳтиёж бор.

Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари ходимлари корхонанинг фаолияти билан яқиндан танишишди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ

Manba: xs.uz

Киритилди: 22:45 18.11.2019. Ўқилди: 1596 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!