Бугун 16 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Ўзбекистон АҚШда ташкил этилган “Халқаро кеча” маданий тадбирида яна бир бор дунёга танитилди

Ўзбекистон АҚШда ташкил этилган “Халқаро кеча” маданий тадбирида яна бир бор дунёга танитилди

Кеча, 5 декабрь куни АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари “МакДилл” авиабазасида (Тампа шаҳри, Флорида штати) АҚШ Марказий қўмондонлигида ҳамкорлик фаолиятини юритаётган элликдан ортиқ давлат иштирокида “Халқаро кеча” номли тантанали маданий тадбир ташкил этилди.

Тадбирда ушбу давлатларнинг маданияти, урф-одатлари, миллий либослари ва таомлари намойишидан дунёнинг барча қитъаларидан ташриф буюрган уч мингдан ортиқ меҳмонлар баҳраманд бўлишди.

Ўзбекистон Республикасининг АҚШ Марказий қўмондонлигидаги вакиллари подполковник У. Ахмедов ва майор Э. Алиев ўз оилалари билан биргаликда юқори иштиёқ хамда ташаббус кўрсатиб, ўзбек маданияти ва миллий қадриятларини тақдим этишди. Хусусан, сўзана намуналари, миллий либослардан атлас, адрас, бахмал (духоба), дўппи, салла, тўн ҳамда миллий ранглар ила безатилган чойнак, лаган, коса ва пиёлалар намойиш этилди.

Ўзбекистон ҳарбий вакиллари томонидан тайёрланган миллий таомлар, жумладан, ош, нўхат шўрва, хасип, дўлма, манти, шашлик, хоним, лағмон, сомса, чак-чак, қатлама, нон, айрон ва ўрик шарбати барча меҳмонлар томонидан татиб кўрилди хамда уларнинг бетакрор ва ажойиб таъми жуда юқори баҳоланди.

Ушбу мамлакатда истиқомат қилаётган миллий либослар кийган ҳамюртларимизнинг иштироки тадбирга янада  ўзгача байрамона шукуҳ ва тантана бағишлади. Ватандошларимиз, она юртимизни чет элда бу каби юқори миқиёсдаги миллатлараро тадбирларда намойиш этилиши, шунингдек, тадбир иштирокчилари томонидан давлатимизга берилган юқори баҳо, яқинлашаётган байрам Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига муносиб совға эканини таъкидлашди.

“Жанговар ҳамдўстликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун” ҳарбий медали эскизининг муаллифи майор Э. Алиев яна бир бор нафақат Ўзбекистонни, балки бутун Марказий Осиёни ифодалайдиган ва кенг маънода урф-одатлари хамда қадриятларини очиб берадиган асари, ўзбек экспозициясига янада ранг-баранглик туҳфа этди.

Ўзбек ҳарбийларининг тадбир доирасидаги фаоллиги АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбарияти томонидан юқори баҳоланди.

 

 

Киритилди: 18:45 06.12.2019. Ўқилди: 1769 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!