Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Ўзбек халқи тўйдан тўйдими?

Ўзбек халқи тўйдан тўйдими?

Инсон қизиқ, унинг кўнглидагини ҳеч ким тушуниб етолмайди. 

Бугун бир нарсани ҳис қилдим, ҳашамдор, кимўзар ҳаётга интилиш, дабдабалардан тўйибмиз! Эҳтимол, менга шундай туюлаётгандир! Буни бугунги шароитда ўтаётган тўйларга билдирилаётган муносабатлар мисолида кўрсатиб бермоқчиман!

Кеча яқин қариндошимиз телефон қилиб қолди. Ўзига тўқ, тўғрироғи, бадавлат оила. Ўғлини қуда қилиб, тўйхоналарни ҳам гаплашиб қўйган эди, тўйхоналар беркилиб, тўй қолдирилган эди.

— Мана шу якшанба тўй! Қудам 10 киши билан келадиган бўлди, — деди у. Овозидан хурсандчилиги сезилиб турар эди. — Қудамиз бебаҳо одам экан, сиз нима десангиз, шу деди, барака топкур! Иқтисод қилинган пулларга ёш оилага рўзғор қилиб берадиган бўлдим!

Ўғлимга ўртоғи қўнғироқ қиляпти. 

—Ўртоқ, дадам шу камхарж кунларда тезроқ тўйингни ўтказайлик, деяптилар! Яхшиям карантин бўлибди, ўртоқ!

Зиёли, машҳур танишим ҳам ўғлига «Танлаганинг бўлса, тезроқ айт, қийналмай тўйингни ўтказамиз!» деб, тўй ҳаракатига тушиб кетди.

Тўй яхши, албатта, ношукурлик қилмаяпман, аммо ўғилларимнинг тўй лавҳаларини кўриб, осмонларга, бефойда нарсаларга  совурилган пулларга ачиндим! 

Уй олдини, тўйхонани безаш,  4-5 соатга ижарага олинган қимматбаҳо машиналар, катта автобуслар, қуданикига тоғора солиш учун  олинган безак буюмлар, 300-400 одамни меҳмон қилиш учун югур-югурлару, харажатлар. Шу қадар чарчаган эдикки, тўйлардан кейин турмуш ўртоғим билан бир ҳафта ўзимизга кела олмаганмиз! 

Фарзандларим бахтли, келинларим бебаҳо, ношукурлик қилмаяпман, фақат тўй куни чарчаб, оёғида зўрға турган инсон сифатида шунча исроф нимага керак эди, дейман!

Фақат мен шунақа бўлсам керак, одамлар яйраб-яшнаб юрибди-ку десам, ҳамма тўйибди бундай бемаза дабдабалардан! Карантин бизга катта ибрат берди, сабоқ бўлди! 

Тўй ҳаракатини бошлаганлар, балли дейман, зора кейин ҳам шу камхаржлик сақланиб қолса!

Буюк аллома Алихонтўра Соғуний ошга навбатда турган ўзбекларни кўриб: «Қани энди шулар масжид олдида ҳам шундай саф тортиб турса, бундан улуғ миллат бўлмас эди», деган экан! 

Ҳеч қайси миллатда тўйларга бизга ўхшаб қонун чиқарилмаган, қонунларни ҳам бузиб тўйлар қилаверадиган биздек миллат оламда йўқ! Ҳеч ким тўхтата олмайди деб ўйлагандим. Яратганнинг ўзи аралашишга мажбур бўлди! Демак, энди чиндан ҳам харажатни қисқартирадиган пайт келибди!

Феруза Салходжаева

Киритилди: 18:00 30.05.2020. Ўқилди: 9289 марта. Фикрлар сони: 1 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!