Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ингл. UNESCO - United Nations Educational, Scientific and Cultural Organization) Ўзбекистон Ҳукумати билан тинчлик ва барқарор ривожланиш ғояларини илгари суриш йўлида ҳамкорлик қилади.
15 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Конгресслар марказида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, UNESCO ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси раиси Азиз Абдуҳакимов ва UNESCO Бош директори Одри Азуле 2022–2026 йилларга мўлжалланган мамлакат ҳаракатлар дастурини имзолашди.
Ҳужжатга кўра, UNESCO Ўзбекистон Ҳукуматининг маданий мерос соҳасидаги ислоҳотларини қўллаб-қувватлайди. Бунда барқарор ривожланишнинг ҳаракатлантирувчи омили сифатида моддий ва номоддий маданий меросга доир сиёсат ва стратегик асослар мустаҳкамланиши, манфаатдор томонлар ва институтлар ўртасидаги алоқаларни соддалаштириш ва Жаҳон мероси тамойиллари ва нормалари ҳақида хабардорликни ошириш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, Ҳужжат бутунжаҳон маданий мерос объектларини сақлаш, бошқариш, мониторинг қилиш ва ҳисобот бериш, реставрация ва консервацияга доир кўникмаларни оширишни ўз ичига олади.
Бундан ташқари, Ҳаракатлар дастури UNESCO ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга ҳам қаратилган. Ҳужжат таълим соҳасини ўзгартириш бўйича Миллий мажбуриятни амалга оширишга қаратилган. Бунда инклюзив, адолатли, хавфсиз ва соғлом таълим, таълим сифати ва долзарблиги, ҳаёт, меҳнат ва барқарор ривожланиш учун ўқитиш ва кўникмалар, юқори малакали педагоглар авлодини шакллантириш, рақамли трансформация, таълимни молиялаштириш каби мажбуриятлар назарда тутилади.
UNESCO таълим тизимини ўзгартиришда тизимни ислоҳ қилиш, илғор тажриба, ўзаро тажриба алмашиш ва техник ёрдам кўрсатиш орқали таълим вазирликларининг салоҳиятини ошириш, ҳамкорлик платформасини тақдим этиш ва унда турли тоифадаги халқаро ва миллий субъектларни бирлаштириш кабиларга эътибор қаратиши қайд этилган.
Дастурга мувофиқ, “ Таълим 2030”га эришишнинг асосий устувор йўналишларига эътибор қаратиш, жумладан, таълим соҳаси сиёсати бўйича маслаҳатлар, яхши тайёрланган ва мотивацияланган ўқитувчиларни тайёрлаш бўйича сиёсат ва дастурларни такомиллаштириш, компетенцияга асосланган ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, сифатни таъминлаш, ўқитишда гендер тамойилларини ҳисобга олиш, натижалар, хусусан, АКТдан фойдаланиш ва умрбод таълимни рағбатлантириш орқали таълим тизими такомиллаштирилади.
2022–2026 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар дастурини имзолашдан мақсад Ўзбекистонда тинчлик ва барқарор тараққиёт ғояларини илгари суришда ҳамкорлик қилиш, UNESCOнинг 2022–2029 йилларга мўлжалланган ўрта муддатли стратегияси ва барқарор ривожланиш кун тартиби асосида Ўзбекистонни янада ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшишдан иборат.