Украина мамлакатда қурол ишлаб чиқариш кўламини ошириш ва Украина армиясининг жанг майдонидаги позициясини яхшилаш учун дронлар экспортига қўйилган тақиқни бекор қилиши мумкин, деб хабар берди Financial Times'га хабардор бўлган манбалар.
Уларнинг сўзларига кўра, Украина Қуролли Кучлари (УҚК) кўпроқ ҳаво кузатувлари, ҳимоя воситалари ва узоқ масофага зарба берувчи дронларга жуда муҳтож. Бироқ, Киев бунинг учун чекланган молиявий ресурсларга дуч келмоқда.
Мамлакатдаги энг йирик дрон ишлаб чиқарувчилардан бири "Укрспетсистема" раҳбари Дмитрий Хасапов FT'га маълум қилишича, давлат шартномалари корхонанинг барча ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушира олмайди.
Шу билан бирга, дронларнинг экспорти Украинага йилига 20 миллиард долларгача даромад келтириши мумкин, дейди Олий Раданинг иқтисодий қуйи қўмитаси раҳбари Александр Мариковский. «Бу бизга керак бўлган пул», деди у.
FT маълумотларига кўра, 2024 йилда қурол-яроғ сотиб олиш учун Украина давлат бюджети 6 миллиард долларни ташкил этади, уларнинг қарийб учдан бир қисми дронларга йўналтирилади. Шунга қарамай, бу фронт эҳтиёжларидан анча кам, деб қўшимча қилади нашр. Украина компанияларига дронларни чет элга сотишга рухсат берилиши янги дронларни ишлаб чиқариш, шунингдек, тадқиқотлар ва янги ишланмаларга инвестицияларни жалб қилишга ёрдам бериши кутилмоқда.