Украина президенти Владимир Зеленский 34 кишини давлат мукофотларидан маҳрум қилиш тўғрисида қарор имзолади.
Бу рўйхатга Украина миллий терма жамоасининг собиқ футболчиси, ҳозирги кунда Санкт-Петербургнинг «Зенит» жамоасида мураббийлик қилаётган Анатолий Тимошчук ҳам киритилган.
Илгари Спорт арбитраж суди (CAS) «Зенит» мураббийи Анатолий Тимошчукнинг Украина футбол ассоциацияси (УАФ) қарорига қарши апелляциясини қаноатлантирган эди. Ушбу қарор Тимошчукни мураббийлик лицензиясидан ва барча миллий совринларидан маҳрум қилиш бўйича чиқарилган эди.
Маълумот ўрнида, 2022 йил 11 март куни УАФнинг интизом қўмитаси Тимошчукнинг мураббийлик лицензиясини, шунингдек, футболчи сифатида қўлга киритган барча миллий унвонларини бекор қилган эди. Бундай қарор Россия ва Украина ўртасидаги кескин вазият, шунингдек, мутахассиснинг Санкт-Петербург клубида ишлашни давом эттириш ҳақидаги қарорига боғлиқ бўлган.