Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Ўғриларга «ошна» бўлган футбол авлиёси

Ўғриларга «ошна» бўлган футбол авлиёси

Футбол дунёсининг авлиёси, ҳамюртлари Миср пирамидаларидан кейинги мўъжиза, деб ҳисоблайдиган “Ливерпул” юлдузи Муҳаммад Салоҳнинг инсонийлик қиёфаси мени ҳайратга солди. Мана бунга бир мисол…

2017 йил ноябри. Салоҳ ва Миср терма жамоаси Россияга, жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритгани учун шодлик нашидасини тотаётган кунларнинг бирида футболчининг ота уйига ўғри тушиб, анча буюмлар ўмарилади. Ота ўғриларни судга берганини эшитиб, ўғли дарҳол даъво аризасини қайтариб олдиради. Унинг бу ишини дастлаб ҳеч ким, ҳатто, ҳуқуқ-тартибот ходимлари ҳам тушунишмайди. Муҳаммад Салоҳ эса бу билан ҳам чекланмай, ўғрилар билан учрашиб, уларга бироз маблағ ҳам тарқатади. Уларга иш топиб, тирикчилик йўлини очиб беради. Футбол авлиёси ўз қилган ишини эса қуйидагича изоҳлайди:

– Яратган ўз бандасини дунёга келтириш билан бирга, унинг яшаш имконини ҳам яратиб қўйган. Йиқилган одамни тепиш эмас, қўлтиғидан кўтариб қўйиш керак.

У ҳақ эди. Муҳаммад Салоҳ ҳақиқий мусулмон. Вақти тиғиз бўлса-да,  намозини канда қилмайди. Топган даромадининг жуда кўп қисмини хайр-садақа ишларига сарфлайди. Ҳар йили Рамазон ойи рўзасини, албатта, Мисрда, киндик қони тўкилган қадрдон Нагриг қишлоғида адо этади. Ҳайитдан кейин ўз маблағи ҳисобидан ўнлаб ёшларнинг никоҳ тўйларини ўтказиб, кейин Европага, футбол дунёсига  қайтади. Салоҳ жуфти ҳалолини ҳам 7 йил аввал ўз қишлоғидан топган. Ўша пайтда 21 яшар футболчи шуҳрат пиллапоясидан жуда баландлаб кетган, Швейцариянинг “Базел” клуби етакчи ўйинчиси бўлиб турган, ҳатто қизлардан ҳам минглаб ишқибозлари пайдо бўлган  пайтларда қишлоғига келиб, оддийгина Маги исмли қизга уйланди. Маълум бўлишича, бу қиз унинг синфдоши, илк муҳаббати экан.

Хуллас, йигирма йилдан буён Европа футболини зир титратаётган, европача ҳаёт ичида юрган, бойлигининг ҳисоби йўқ, миллионлаб ишқибозлар юрагидан жой олган, шон-шуҳрат, бирон нарсадан камчилиги бўлмаган Муҳаммад Салоҳнинг яшаш тарзи ҳақиқий мусулмонга хос, ажойиб ибрат мактабидир.

Мунаввар ПАРДАЕВ, 
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси

Manba: fikrat.uz

Киритилди: 06:00 30.10.2020. Ўқилди: 4016 марта. Фикрлар сони: 1 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!