Бугун 18 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

«У янги ҳаёт бошлаш учун Россияга бориб келганди». Актриса Гавҳар Шарипова — ҳамкасблари ва дўстлари хотирасида

«У янги ҳаёт бошлаш учун Россияга бориб келганди». Актриса Гавҳар Шарипова — ҳамкасблари ва дўстлари хотирасида

Актриса Гавҳар Шарипова 19 ноябрга ўтар кечаси Қашқадарё вилоятида фожиали тарзда ҳалок бўлгани хабар берилди. Сўнгги маълумотларга кўра, у Сурхондарёдан қайтишда ўтирган юк машинасининг ҳайдовчиси унга шилқимлик қилган, шундан сўнг актриса соатига 140 километр тезликда ҳаракатланиб кетаётган машина эшигини очиб, ундан тушиб кетган ва воқеа жойида ҳалок бўлган.

Журналист Феруз Муҳаммад актрисанинг дўстлари, ҳамкасблари билан суҳбатлашиб, уларнинг Гавҳар Шарипова ҳақидаги хотиралари билан бўлишди.

«У Россияга янги ҳаёт бошлаш учун кетганди»

Гавҳар билан 2009 йилда танишганмиз. У билан кўп яхши кунларни бирга кўрдик. Ўша вақтлардан бошлаб Улуғбек Қодиров, Гулчеҳра Эшонқуловалар билан дўст эдик.

Ҳаётни, шеъриятни севарди. Илҳомга бой қиз эди. Ресторанда ўтирган вақтимиз салфеткага шеър ёзган вақтлари бўлган.

Узоқ йил ижарада яшади. Ижарама-ижара кўп кўчиб юрарди. Ўзбекистонда фильмларга таклифлар кам бўлгани учун ҳамда ҳаёти ўхшамаганлиги сабабли Россияга кетган эди.

Россияга дўконда сотувчи бўлиб ишлади. Бундан ташқари Россия шоу-бизнеси вакилларига шеърлар ёзиб берди. Москвада тўйларда бошловчилик қилди. У Россияга янги ҳаёт бошлагани кетганди.

 

Сўнгги вақтларда уни дўстлари тарк этди, телефонлари жавобсиз қолган. Кўп хонандалар Гавҳарнинг қўшиқларидан фойдаланиб, уни номини айтмас эди.

Вафотидан сўнг «Гавҳар унақа эди, Гавҳар бунақа эди», мазмунидаги гап-сўзлар кўпаймоқда. Раҳматли Гавҳар мен билган инсонлар, актрисалар ичида энг очиқкўнгил, меҳрибони эди.

Мен унинг автобусдан ўзини ташлаб, ҳалокатга учраганига ишонмайман (дастлабки хабарларда актриса юриб кетаётган автобусдан тушишга уриниб, ҳалок бўлгани айтилган эди — «Дарё» изоҳи). Дугонамнинг оила аъзоларига, дўстлари ва ҳамкасбларига ҳамдардлик билдираман.

Феруза Жанибекова, Гавҳар Шарипованинг дугонаси

«Энг катта орзуси фарзанд кўриш эди»

У жуда яхши инсон эди. Меҳрибон эди. Эсимда, фарзандли бўлган вақтим туғуруқхонага тўлиб-тошиб келарди, сўнгги пули қолган бўлса ҳам, шунга ҳам харажат қилиб, нималардир олиб келишга ҳаракат қиларди.

У қаттиқ тушкунликка тушиб қолган эди. Ўша вақтларда, ўзининг айтиши бўйича, унда саратон аломатлари пайдо бўлган. Буни эри билиб қолгач, уни ташлаб кетган. Гавҳар буларни кўтара олмади.  Ҳаётдан хафа, тақдиридан норизо яшади. Яшашдан умиди ҳам қолмаган эди. У тушкунлик ҳолатидан чиқа олмади. Ҳаёт қийинчиликларига бардош бера олмади.

‘Опа-сингиллар’ сериалида бирга рол ижро қилганмиз. Жуда ҳам масъулиятли эди. Энг катта орзуси фарзанд кўриш эди. Она бўлиш учун жуда ҳам кўп ҳаракат қилди. Шифокорларга қатнади, фойдаси бўлмади. «Ҳаммаси яхши бўлади, ҳали ёшсан, ҳали ҳаммаси олдинда», деганим билан фойдасиз эди.

Охирги марта икки йил олдин кўришган эдик. Ҳозир раҳматли дейишга ҳам тилим бормаяпти, юрагим эзилмоқда.

Феруза Собитова, актриса

 

«Биз умуман тортишиб қолмаганмиз…»

Бир актриса учун нима керак бўлса, Худо ҳаммасини — чирой, нутқ, қобилиятни унга берган эди. Гавҳар Шарипова институтда ўқиб юрган вақтларидаёқ, диплом иши спектаклида «Йилнинг энг яхши» актрисаси номига сазовор бўлган эди.

Яхши эслайман, ўшанда у «Номи ўчсин» номли тарихий спектаклда малика ролини маромига етказиб ижро қилган эди. У ҳам театрда, ҳам кинода жуда маҳоратли актриса эди.

‘Опа-сингиллар’ сериалида у билан уч йил — 2010 йилдан 2013 йилгача партнёр бўлиб ўйнадик. Менга нисбатан тажрибаси баланд эди. Одатда партнёрлар ўртасида кўп келишмовчиликлар чиқади, аммо биз умуман тортишиб қолмаганмиз.

Ролларига жуда масъулият билан ёндашар эди. Гавҳарни охирги марта ‘Опа-сингиллар’нинг сўнгги эпизодини суратга олганимизда — 2013 йилда кўрган эдим. Сўнгги вақтларда депрессияга тушиб қолган, деган гапларни эшитгандим.

Бекзод Мирзаев, актёр

Киритилди: 09:44 20.11.2019. Ўқилди: 8734 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!