Туркия Миллий мудофаа вазирлиги расмий вакили, контр-адмирал Зеки Актюрк Исроилни Сурия ва Ғазодаги тажовузкор ҳаракатларини зудлик билан тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда у Коммандоси Кучлари Қўмондонлигида ўтказилган ҳафталик брифингда маълум қилди.
«Исроил ўзининг агрессив ҳаракатларини дарҳол тўхтатиши шарт. Бу ҳаракатлар бутун минтақани хаосга тортаётгани ва қайтариб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин», — деди Актюрк.
Унинг сўзларига кўра, Исроил томонидан Суриянинг жанубига қилинган зарбалардан сўнг Дамашқ марказига ҳужум уюштирилиши — бу очиқ провокация бўлиб, тинчлик ва барқарорликка бўлган умидларни йўққа чиқаради.
Контр-адмирал таъкидлашича, Сурия тарихий босқичда турибди ва у халқаро жамоага қўшилиб, тинч ҳаётга қайтиш имконига эга. «Бу имконият қўлдан бой берилмаслиги керак. Барқарор тинчлик ва хавфсизлик учун қўллаб-қувватлаш зарур», — дея қўшимча қилди у.
Актюрк, шунингдек, Ғазо секторида давом этаётган инсонпарварлик инқирозини ҳам эслатди. «Тинч аҳоли очарчилик ва оммавий ўлим таҳдиди остида қолмоқда. Адолатли ва барқарор тинчлик жараёнини бошлаш ва инсонпарварлик ёрдамини узлуксиз етказиб бериш зарур», — деди у.
У Туркиянинг Фаластин масаласидаги позициясини яна бир бор тасдиқлаб: «1967 йил чегаралари доирасидаги, шарқий Қуддусни пойтахт қилиб белгилаган мустақил, суверен ва ҳудудий яхлит давлат – Фаластинни қўллаб-қувватлашда давом этамиз», — деди.
Брифингдан сўнг Туркия мудофаа вазирлиги вакиллари Суриядаги вазият ва Исроил ҳаво ҳужумлари бўйича журналистлар саволларига жавоб берди. Манбаларга кўра, Туркия Қуролли Кучлари Сурия шимолида терроризмга қарши курашни қатъий давом эттирмоқда ва чегаралар яқинида «терроризм коридори» вужудга келишининг олдини олишни мақсад қилган.
Вазирлик таъкидлашича, Туркиянинг Сурияга нисбатан позицияси ўзгармаган — «Анқара суверен, сиёсий бирликни сақлаб қолган, хавфсиз ва барқарор Сурия тарафдори бўлиб қолади».
Шунингдек, Сурия ҳукумати ва СДС (Сурия демократик кучлари) ўртасидаги сўнгги ҳамкорлик жараёнлари ҳамда тўқнашувлар диққат билан кузатиб борилаётгани билдирилди.
«Исроилнинг Суриядаги авиаҳужумлари — мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига қарши қаратилган очиқча провокациядир. Бу халқаро ҳуқуқни бузувчи ва минтақани барбод этувчи ҳаракатлар дарҳол тўхтатилиши шарт», — дейилади Туркия мудофаа идорасининг якуний баёнотида.
Шу билан бирга, Сурияда жойлашган турк ҳарбийларига Исроил ҳужумлари натижасида ҳеч қандай зарар етмагани маълум қилинди.