Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Транспорт вазирлиги пулли йўллар бўйича маълумот берди

Транспорт вазирлиги пулли йўллар бўйича маълумот берди

Бугун, 11 октябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Транспорт вазирлиги раҳбар ва масъул ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда автомобиль ва дарё транспортини ривожлантириш департаменти бошлиғи Руслан Рўзиметов, Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори Муроджон Абидов, Техник сиёсатни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Санжар Асроров иштирок этишди.

Берилган маълумотларга кўра, Президентнинг 2019 йил 1 февралдаги Фармони билан ташкил этилган Транспорт вазирлиги Ўзбекистон Республикасида ягона давлат транспорт сиёсатини юритувчи давлат органи ҳисобланиб, унга қуйидаги вазифалар юклатилган: ягона тариф сиёсатини юритиш, халқаро транспорт коридорларини ташкил этиш, транспорт логистика соҳасига ахборот технологияларни жорий қилган ҳолда уларни ривожлантириш, ягона техник назоратни юритиш кабилар.

Янги вазирликнинг ташкилий тузилмасига ҳудудий транспорт бошқармаларидан ташқари, Автомобиль йўллари қўмитаси, Фуқаро авиацияси агентлиги, Темир йўлларда юк ва йўловчи ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси, Йўл қурилиш ишларини назорат қилиш инспекцияси, «Ўзаэронавигация» маркази каби ташкилотлар киритилди. Бундан ташқари, вазирлик қошида Транспорт ва логистика муаммоларини ўрганиш маркази ташкил этилди.

Вазирлик томонидан транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг «Транспорт тўғрисида»ги Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ҳозирда мазкур лойиҳа Адлия вазирлиги томонидан кўриб чиқилмоқда.

Аҳолини сифатли автотранспорт хизматлари билан таъминлаш, айниқса, қишлоқ аҳоли пунктларини шаҳар, вилоят ва туман марказлари билан боғлаш мақсадида, 2019 йилда жами 107 та янги йўловчи ташиш автомобиль йўналишларини ташкил этиш белгиланган бўлиб, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида республика бўйича 74 та (режага нисбатан 100 фоиз) янги автобус йўналишлари ташкил этилган.

«Фарғона-Андижон», «Фарғона-Наманган» ва «Фарғона-Бешариқ» шаҳарлараро йўналишларида мунтазам автобус қатновлари йўлга қўйилди. Мазкур йўналишларда «Uzautotrans service» корхонаси 14 та Yutong русумли замонавий автобусларида аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни бошлади.

Қўшни Қозоғистон Республикасининг турли шаҳарларига сафарга отланаётган Тошкент вилояти туманлари аҳолисига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида «Uzautotrans service» корхонаси томонидан жорий йилнинг 13 сентябрь кунидан эътиборан «Ангрен-Олмаота», «Чирчиқ-Олмаота», «Чирчиқ-Чимкент» халқаро йўналишларида мунтазам автобус қатновлари йўлга қўйилди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикалари ўртасидаги яхши қўшничилик муносабатлари намунаси ўлароқ айнан шу куни «Андижон-Ўш» йўналишида микроавтобуслар, 5 октябрь кунидан эътиборан эса Қирғизистон Республикасининг Қизил-Қия шаҳри ва Фарғона шаҳарлари ўртасида автобус қатновлари ташкил этилди.

2019 йилнинг учинчи ва тўртинчи чоракларида 22 та автостанция ва автовокзаллар қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш белгиланган.

Жорий йилнинг январь-август ойларида автомобиль транспорти, темир йўллари, ҳаво йўллари ва электротранспортда юк ташиш ҳажми – 766,9 млн тоннани (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш сурати 103,7 фоиз), йўловчи ташиш ҳажми эса – 3 млрд. 982 млн. йўловчини (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш сурати 102,7 фоиз) ташкил этган. Тадбиркорларга яратиб берилган солиқ ва божхона имтиёзлари натижасида ташувчилар томонидан 4 354 та шатакчи ва 4 957 та тиркама ва ярим тиркама, шу жумладан, 825 та рефрижераторли, шунингдек, жами 609та автобус, шундан 383 та «Исузу» русумли ва 226 та «Yutong» русумли автобуслар харид қилинган.

Тадбирда Ўзбекистонда пулли йўллар бўйича ишларга хам тўхталинди.

«Тошкент-Андижон» пулли йўли бўйича Жаҳон банки томонидан грант ажратилган. Бу масалада «Pricewaterhouse Coopers» хорижий компанияси лойиҳавий ўрганиш ишларини амалга оширмоқда. Компания томонидан «Тошкент-Андижон» пуллик йўли, шунингдек Қамчиқ довонида 16,4 км.лик туннель қуриш режалаштирилган.

«Тошкент-Самарқанд» йўли лойиҳаси эса Европа Тикланиш ва тараққиёт банки тендери кўмагида амалга оширилмоқда. Умуман, бу тизим биз учун янгилик бўлгани учун синчиклаб ўрганилиб, лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. Россия Федерациясининг «Спектрум» консультантлар гуруҳи томонидан лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда», дейди вазирликнинг йўл хўжалигини ривожлантириш бўлими бошлиғи Баҳодир Қорабоев.

Киритилди: 19:55 11.10.2019. Ўқилди: 2830 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!