Трамп Россия-Украина уруши бўйича махсус элчи лавозимини жорий этишни ва унга АҚШнинг Германиядаги собиқ элчиси Ричард Гренеллни тайинлашни режалаштирмоқда —Reuters
Агентлик бу ҳақда Доналд Трампнинг режалари билан таниш бўлган манбаларига таяниб ёзмоқда.
Ричард Гренелл Трампнинг олдинги президентлик муддатида қисқа вақт Миллий разведка директори вазифасини бажарувчи сифатида ишлаган, аммо кейинроқ бу лавозимдан воз кечган.
Reuters агентлигининг қайд этишича, Гренелл Киев ва Москва ўртасидаги тинчлик келишуви доирасида Украинада "автоном зоналар" яратиш тарафдори бўлган, шунингдек, Украинанинг NATO'га киришига қарши чиққан. Манбалар Гренеллнинг узоқ вақт давомида Европада дипломатик хизматда ишлаганини ва "Европа ишларини яхши билишини" таъкидламоқда.
Маълумот учун, Гренелл 2018 йилдан 2020 йилгача АҚШнинг Германиядаги элчиси, 2019 йилдан 2021 йилгача эса президентнинг Сербия ва Косово ўртасидаги музокаралар бўйича махсус вакили бўлиб ишлаган.