Бугун 28 март, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Тошкентдаги ОТМлардан бирида декан ўринбосари талаба қизни зўрлашга урингани айтилмоқда

Тошкентдаги ОТМлардан бирида декан ўринбосари талаба қизни зўрлашга урингани айтилмоқда

​Nemolchi.uz лойиҳасига Низоми номидаги Педагогика давлат университети 3-курс талабаси Камилова Муштари-бону мурожаат қилди. Жорий йилнинг 18 октябрь куни у Зулфия мукофотига тавсиянома олиш мақсадида ёшлар ишлари бўйича декан ўринбосари Юлдашев Боғабек хонасига киради. Б.Юлдашев кутиб туришини сўрайди. Қизнинг айтишича, хонадан ҳамма чиқиб кетгач, декан ўринбосари чарчаганлигини айтиб, унга қаҳва дамлаб беришни сўрайди. Қиз қаҳва дамлаш учун чоғланганда эркак эшикни ичкаридан қулфлаб, чироқни ўчиради. Муштарий ниманидир сезгандай яқин дўстига қўнғироқ қилиб, тезроқ етиб келишни сўрайди. Хонадан чиқай деса, эркак уни ушлаб олиб, хонасидаги диванга ётқизмоқчи бўлади.

Қиз қаршилик қилади. Эшикнинг у тарафида эса қизнинг дўсти келиб, эшикни очишни сўрайди. Муштарий амаллаб ойна олдига келиб, ёрдамга чақиради. Шунда қизнинг айтишича, эркак уни деразадан итара бошлайди. У қанчалик қаршилик кўрсатмасин кучи етмай, ойнадан пастга тушиб кетади. Декан муовини эса деразани ёпиб, жалюзини туширади ва эшикни очади. Қизнинг дўсти Боғабекни олиб, пастга тушади. Атрофда йиғилганларга Боғабек қиз ойнадан ўзи сакрагани ва уни ўзи шифохонага олиб боришини айтади.

Муштарийни машина орқа ўриндиғига ётқизишади, дўсти ҳайдовчи олдидаги ўриндиққа ўтиради. Йўлда Боғабек қизнинг онасига қўнғироқ қилиб, қиз ойнадан тушиб кетгани ва уни шифохонага олиб боришаётганини айтади. Светофорнинг қизил чироғида қизнинг дўсти орқа ўриндиққа ўтгунча Боғабек қизга ойна артаётиб ўзи тушганини айтишини тайинлайди. Шу пайт йигит орқа ўриндиққа ўтиб, нима бўлганини сўрайди. Қиз унга секин уни итаришганини билдиради...

Шифокорларнинг айтишича, қизни вақтида олиб келишибди. Муштарийга тос суяги синиши, гематомалар ва мия чайқалиши ташҳисини қўйишди. У ҳали бери оёққа туролмайди... Унинг режалари нима бўлади? Қиз каштачилик билан шуғулланган, кўплаб медаллар, сертификатларга эга. “Истиқболли авлод” нодавлат нотижорат ташкилоти вакилларининг таъкидлашича, у тўгараклардаги энг яхши ўқувчилардан бири бўлган. Унинг бошига бундай фожиа тушганига ҳеч ким ишонмаяпти.

Қиз яқинларининг айтишича, декан муовини томонидан келган одамлар уларга ўз кўрсатмаларини ўзгартиришлари учун пул таклиф қилган. Боғабек эса ҳаммага қиз ўз жонига қасд қилган деяпти. У ўқиган факультет талабаларини тўлиқ онлайн таълимга ўтказишди. Бу билан нимани сир тутишмоқда?

"22 октябрь куни биз Муштарий воқеасини Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги хотин-қизлар масалалари бошқармасига юбордик. Афсус, ҳалигача расмий муносабат билдирилмади. Боғабекка нисбатан қандай жазо қўлланилиши ҳам номаълум.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, тегажоғлик фактини исботлаш қийин: қизнинг сўзлари зўравоннинг сўзларига қарши. Ва тергов аксарият ҳолатларда эркакка ишонади. Агар тегажоғлик исботланса ҳам бунинг учун ҳудди зўрлашга уриниш ҳолатидай жазо йўқ", дейилади манбада.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, ҳолат Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ўрганиб чиқилмоқда.

Натижаси ҳақида хабар қилинади.

Киритилди: 10:05 27.10.2021. Ўқилди: 6714 марта. Фикрлар сони: 16 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!