Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Тошкентдаги кичик сержант ҳақида: «Унинг ҳаракатлари рақс тушаётганга ўхшарди»

Тошкентдаги кичик сержант ҳақида: «Унинг ҳаракатлари рақс тушаётганга ўхшарди»

Аёл кишига азалдан гўзаллик тимсоли дея қаралади. Аммо эл-юрт осойишталигини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда фидойилик кўрсатаётган хотин-қизлар ҳам талайгина. Ички ишлар органларида узоқ йиллар хизмат қилиб, ҳурмат-эҳтиром билан пенсияга кузатилган бир қанча аёллар ҳозирги кунда ёшларга ўрнак бўлиб келяпти.

Ўтган асрнинг 70-йилларида аввал тажриба тариқасида пойтахтда йўлларни тартибга солиш учун хотин-қизлар бўлинмаси тузилган эди. Аёллар керакли кўникмаларни тез ўзлаштириб, марказий кўчаларда транспорт оқимини тартибга сола бошлади. Йўл ҳаракатини хушмуомалалик, аммо талабчанлик ва қаттиқўллик билан бошқараётган хотин-қизлар орасида кичик сержант Нигора Жўрабоеванинг ҳам ўзига хос ўрни бор эди. Болалигидан шу соҳага катта ҳавас билан улғайган Нигора ўқувчилик чоғларидаёқ «Светофор» викторина ўйинининг фаол иштирокчиси эди.

Дастлаб Тошкент вилояти Чиноз туманидаги ўт ўчирувчилар кўнгилли жамиятида йўриқчи бўлиб ишлаган Н. Жўрабоева 1976 йилда Тошкент шаҳар ИИБ ДАНБ 1-алоҳида дивизионининг йўл назорати инспектори лавозимига тайинланди. Унинг кулиб турган кўзлари, ширин муомаласи, қоидабузарликларга нисбатан муросасиз ва қатъий қарорлар қабул қила олиши тезда раҳбарият эътиборига тушди. Аввал ИИВ Тошкент мактабини, 1991 йилда эса ҳозирги Ўзбекистон миллий университетини ҳуқуқшунослик мутахассислиги бўйича сиртдан тамомлади. Машаққатли хизмати давомида ИИВ раҳбарияти томонидан кўп маротаба фахрий ёрлиқлар, ташаккурнома ва бошқа мукофотлар билан рағбатлантирилди.

Чорраҳада тартиб сақлар экан, қўлида жезл кўтариб турган гўзал қизни кўриб, у билан суҳбатлашиш учун атайлаб қоидани бузган ҳайдовчилар ҳам бўлганини қаҳрамонимиз кулиб эсга олади. Ўша пайтларда бу ҳақда кўпчилик гапириб, газеталарда ёзишган.

— Унинг чорраҳадаги нозик ҳаракатлари рақс тушаётганга ўхшарди, — дейди тошкентлик кекса ҳайдовчи. — Ўша пайтларда юк машинасини бош­қарардим. Чиройли инспектор қизнинг ҳаракатлари эътиборимни тортди. Ишхонам шу яқин атрофдалиги боис машинани гаражга қўйиб, пиёда қайтиб бордим. Анча вақтгача бир чеккада туриб унинг ҳаракатларини кузатдим. Кейинчалик шу чорраҳада бу қизни кўп учратдим. Қиёфаси кечагидек ёдимда.

Ҳайдовчига уяли телефонимдан Нигора Жўрабоеванинг архивдан олинган суратини кўрсатдим.

— Худди ўзи!!!

Ҳайдовчининг кўзлари эски қадрдонини учратгандек, қувончдан порлаб кетди.

— Буни унутиш мумкин эмас, чунки ўша пайтда хотин-қизларнинг йўл ҳаракатини тартибга солиши катта янгилик эди. Шу боис ҳам унинг кулиб турган кўзлари хотирамга муҳрланиб қолган.

Нигора Жўрабоева пойтахт ИИБ ДАНБ тизимида, республика ИИВ ЖТСХ ДАНБда инспектор, катта инс­пектор лавозимларида 27 йил хизмат қилгач, 2003 йилдан ИИВ Ахборот маркази инспектори лавозимида фао­лиятини давом эттирди. Ҳужжатлар билан ишлашнинг ҳадисини олган Нигора опа бу ерда ҳам самарали фаолият кўрсатди. Унинг фидойилиги, Ватанга содиқлиги муносиб баҳоланиб, давлатимизнинг юксак мукофоти «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланди.

— Хизматимизнинг давлатимиз томонидан эътироф этилиши катта бахт, — дейди истеъфодаги подполковник Нигора Жўрабоева. — Нимагаки эришган бўлсам, устозларим, аҳил жамоам билан бирга, ҳамжиҳатликда ишлаганимиз учун эришдим. Ўзимдан ёши катталарнинг барчасини ўзимга устоз деб билдим. Дастлаб иш бош­лаган пайтимда қизлар взводида Алижон Алашев ва Абдумалик Йўлдошев раҳбарларим бўлган. Уларнинг маслаҳатларини, хизмат сирларини ўрганишимдаги ёрдамларини асло унутмайман.

Нигора опа ҳозир ҳам маҳалла осойишталиги, ёшлар тарбияси учун муносиб ҳисса қўшяпти: пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги Диёробод маҳалласи фаоли сифатида, маҳалла аҳлининг яхши-ёмон кунида доимо бирга.

Киритилди: 15:00 23.01.2020. Ўқилди: 3408 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!