Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Тошкентдаги дорихонада юз берган жиноят фош бўлди

Тошкентдаги дорихонада юз берган жиноят фош бўлди

Мамлакатимизда дори воситаларининг ноқонуний айланиши ва уларнинг суиистеъмол қилинишига йўл қўймаслик алоҳида назоратда бўлиб, тегишли ҳуқуқий асослар билан тартибга солинган.  

Хусусан, Президентимизнинг  2019 йил 6 сентябрдаги “Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида”ги қарори кучли таъсир қилувчи моддалар айланишини тартибга солишни такомиллаштириш, шунингдек, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялаш учун қўшимча имкониятлар ва шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади. 

Фармонга асосан, 2019 йил 1 декабрдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган алоҳида дори воситалари буюм-миқдор жиҳатдан ҳисобга олиниши лозим ва уларнинг чакана реализацияси (берилиши) фақат ижтимоий дорихоналар, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш ва реализация қилиш (бериш) фаолиятига лицензияси мавжуд бўлган дорихоналар томонидан амалга оширилиши қатъий белгилаб қўйилган.

Лекин орамизда шундай кимсалар ҳам борки, давлатимиз томонидан ҳар қандай бойликдан-да азизроқ ва қимматбаҳо ҳисобланган соғлигимизни ҳимоя қилиш мақсадида яратиб берилаётган имконият ва имтиёзларни ўз нафсини ўйлаб кўр-кўрона суиистеъмол қилишдан қайтмайди. Шерзод Нуралиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2019 йилнинг 6 декабрь куни ўзи сотувчи бўлиб ишлаб келаётган Яккасарой туманида жойлашган “Guli Kand Plus” МЧЖнинг дорихонасида харидорга 25 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси (номини келтиришни лозим топмадик - таҳририят)ни қонунга хилоф равишда сотган.

Судланувчи судда айбига қисман иқрорлигини билдириб, ўша куни нотаниш эркак киши дорихонага кириб, тегишли дори воситасини сўраганини, у мижозга бу турдаги дори воситаси махсус рецепт билан сотилишини айтиб, рецепт бор-йўқлигини сўраганини айтди. Бунга жавобан мижоз бир-икки кун олдин ҳам рецепт асосида дорихонадан мазкур дорини олиб кетганини, рецепт қоғозининг ярми дорихонада қолиб кетгани, ҳозир ёнида йўқлигини маълум қилган. У мижознинг гапларига ишониб, дори воситасини ­500 000 сўмга сотганига иқрор бўлди...

Бошқа гувоҳлар, шунинг­дек, мазкур МЧЖ раҳбари ҳам дорихона сотувчиларига 1 декабрдан бошлаб кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотмасликни оғзаки айтгани, кейин қолдиқда бўлган кучли таъсир қилувчи дори  воситаларини қайтариш ҳаракатида юргани, бу ҳақда дори воситалари тарқатувчи фирмага расмий хат билан мурожаат қилгани, қарор кучга кирганидан сўнг дори воситалари сотувдан чиқарилиб, тарқатувчи фирмага қайтарилгунга қадар омборхонада сақланини маълум қилди. Унинг фикрини “Guli-Kand-Plus” МЧЖ ва “Jasmina Shifo Nur” МЧЖлар ўртасидаги кучли руҳий таъсир қилувчи дори воситаларини қайтариш масаласига доир ёзишмалар ҳам тасдиқлади.

Суд судланувчига нисбатан жазо тури ва миқдорини тайинлашда содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва хусусиятини, унинг шахсини эътиборга олди. У жиноятни паст ва ғараз ниятларда содир этгани жазони оғирлаштирувчи, айбига тўлиқ иқрорлиги ва қилмишидан пушаймонлиги, яшаш жойи­дан ижобий тавсифланиши, бир нафар вояга етмаган фарзандининг ягона боқувчиси экани, муқаддам судланмагани эса жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб эътироф этилди. Ана шулардан келиб чиқиб,  судланувчи Ш. Нуралиевга озодликни чеклаш жазосини тайинлашни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблади. Шунингдек 1 йил муддатга фармацевтика соҳасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди...  

У энди озодликни чеклаш жазосини ўз хонадонида соат 22:00 дан 06:00 га қадар ўтайди. Яшаш жойини назорат қилувчи органнинг рухсатисиз ўзгартирмайди, муайян жойлар - кафе, бар, спиртли ичимликлар сотиш жойларида бўлмайди, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқмайди!

Ушбу  жазони ўташдан қасддан бўйин товласа ва суд зиммасига юклаган мажбуриятларни бажармаса, Жиноят кодексининг тегишли моддасида кўрсатиб ўтилган ҳуқуқий оқибатлар келиб чиқиши ҳақида огоҳлантирилди.
Булар қонунбузарга тайин­ланган жазо. Энг муҳими эса фуқароларимизнинг саломатлигини асраш, уларни турли кўнгилсиз ҳолатларга тушиб қолишдан ҳимоялашдир.

Манба: 21asr.uz

Киритилди: 15:31 04.06.2020. Ўқилди: 2206 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!