Тошкент шаҳрида 4 000 қути қалбаки дори воситаларини сотаётган шахслар ушланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Чилонзор тумани бўлими, ДХХ ва ДБҚ ходимлари ҳамкорлигида тумандаги Чорбоғ кўчасида ўтказилган тезкор тадбирда қонунга хилоф равишда дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган фуқаролар А.А. ва Д.А. сохта сертификатга эга бўлган жами 4 000 қути «Хитофер-S 5 мл» номли дори воситасини фуқаро М.Х.га 43 750 АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.
Ўтказилган экспертиза хулосаларига кўра, ашёвий далил сифатида олинган ушбу дори воситалари қалбакилаштирилганлиги қайд этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.