Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Тошкентда илк маротаба Кушон хазинаси намойиш этилади

Тошкентда илк маротаба Кушон хазинаси намойиш этилади

Маълумки, 2019 йил 26 августда Самарқандда «Моддий ва номоддий маданий меросни сақлаш: долзарб муаммолар ва уларни ҳал этиш стратегияси» Халқаро конференцияси бўлиб ўтади. Ушбу воқеа олдидан «Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин, маданият» Мерос ҳафталиги бўлиб ўтади. Тадбир доирасида «Кушон хазиналари» ноёб кўргазмаси ўтказилади.

Ушбу катта экспозиция Тошкентда, Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида намойиш этилади. Халқаро олимларнинг кўпсонли илтимосига кўра, эрамизнинг I асри бошида Ўрта Осиё ҳудудида қад ростлаган жумбоқли, кам ўрганилган ва қачонлардир қудратли бўлган Кушон империясининг ноёб артефактларни мустақиллик йиллари давомида илк бора кўргазмага қўйиш режалаштирилмоқда.

Кўргазманинг эксклюзив, ўзига хос жиҳати – Сурхондарё вилоятидаги Далварзинтепа шаҳри қазишмаларида топилган афсонавий «Далварзин хазинаси» намойиши бўлади. 1972 йилда Э. Ртвеладзе раҳбарлигидаги бир гуруҳ археологлар қазишмалар пайтида эрамизнинг I асрига тегишли 36 килограммга яқин оғирликдаги, ҳудуд тарихида энг йирик тилла буюмлар хазинасини топди. Ҳозирги кунгача мазкур ноёб хазина давлат жамғармаларида сақланиб, аввал кўргазмада сира намойиш этилмаганди.

Кўргазманинг энг камёб экспонатлари орасида – олтин пектораль (ёл), Гераклнинг тасвири туширилган гемма, кўкрак усти тилла безаклари, ҳайвон тасвирли тилла кўкрак нишони, эрамиздан аввалги III – IV асрда Шимолий Ҳиндистон ва Ўрта Осиё жануби (Бақтрия, Сўғдиёна)да кенг тарқалган кхароштхи ёзуви битилган ноёб олтин чорқирра қайроқтош ва кўпгина бошқа буюмлар бор.

Ўзбекистоннинг турли музейларидаги Кушон даврига алоқадор экспонатлари биринчи марта ягона экспозицияда намойиш этилади.

Кўргазма доирасида «Кушон подшолиги хазиналари» китоб-альбоми ва шу номдаги ҳужжатли фильм тақдимоти ҳам бўлиб ўтади.

Киритилди: 22:00 19.07.2019. Ўқилди: 1517 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!