Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

"Тошкент – беш ташаббус" ҳаракати ёшлар учун энг ёрқин ва таассуротларга бой воқеа бўлиши кутилмоқда (ВИДЕО)

"Тошкент – беш ташаббус" ҳаракати ёшлар учун энг ёрқин ва таассуротларга бой воқеа бўлиши кутилмоқда (ВИДЕО)

Кенг қамровли Тошкент беш ташаббус ҳаракатига рўйхатга олиш бошланди. Ташкилотчи – Тошкент шаҳар ҳокимлиги.

Бўлиб ўтадиган ҳаракат Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта ташаббусда акс этган барча йўналишлар: маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китобхонлик ва тадбиркорлик каби соҳаларни қамраб олади.

Йирик ҳаракатни ўтказиш учун 37,5 минг метр квадрат майдонда махсус шаҳарча барпо этилмоқда. Барча танловлар, мусобақа ва учрашувлар очиқ осмон остида ўтказилади.

Спорт ихлосмандларини футбол, баскетбол, стол тенниси, армрестлинг ва Street Workout бўйича мусобақалар кутиб турибди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ёшлари ўртасида замонавий бешкураш йўналишида “Laser Run” мусобақаси ташкил қилинади, шунингдек, скейтер ва роллерлар учун скейт-парк қурилади.

Маданият йўналиши бўйича фаол ёш йигит-қизлар таниқли журналист, блогер ва мусиқачи Никита Макаренко бошчилигида бўлиб ўтадиган “Tashkent Voice Fest” вокалчилар танлови ҳамда профессионал хореограф Сергей Злотников жалб қилинган “Tashkent Dance Fest”да ўз қобилиятларини намойиш қилишлари мумкин.

Шунингдек, Тошкент беш ташаббус ҳаракати доирасида машҳур интеллектуал ўйин – “Заковат” турнири бўлиб ўтади. Турнир ташкилотчилари орасида таниқли блогер, Заковат клуби билимдони Хушнудбек Худойбердиев ҳам бор.

Ёш IT-мутахассислар Project «X» ва Tashkent Cyber Cup-2021 идеатонида ўз билим ва маҳоратларини намоён қилишади.

16 ёшдан 30 ёшгача бўлган фаол, замонавий, ўз мақсадига эга қизлар ва аёллар учун махсус Аёллар нетворкинги ҳафталиги бўлиб ўтади. Унда жамоалар Тошкентни ривожлантириш бўйича: илм-фан ва технологиялар, бизнес, ижтимоий соҳа, экология ва дизайн йўналишларида муаллифлик лойиҳаларини тақдим этадилар.

Ғолибларни махсус таклиф этилган профессионал ҳакамлар аниқлаб беришади ва улар пул мукофотлари ва сертификатларга эга бўлишади.

Ҳаракатга нафақат иштирокчи, балки меҳмон сифатида ҳам ташриф буюриш мумкин. Фестивал давомида ёзувчилар, бизнес, дизайн, ахборот технологиялари ва бошқа соҳаларда муваффақият қозонган инсонлар билан турли учрашувлар ўтказилади.

Янги қурилган шаҳарча ҳудудида иштирокчи ва меҳмонлар “Hand Made” фестиваллари, медиа-тренинглар ҳамда таниқли журналист, блогер ва вайнерлар билан бўладиган учрашувларда қатнашишлари мумкин. Ҳаракатнинг ҳар бир куни эса жўшқин мусиқа базми билан якунланади. Машҳур дижейлар Trace ва Roger Gunn кечки шоуларнинг резидентлари бўлишади.

Рўйхатдан ўтиш ҳаракатнинг расмий сайтида амалга оширилади: www.toshkent21.uz.

Киритилди: 18:32 26.03.2021. Ўқилди: 3599 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!