“Uzbekistan Airports” компанияси ўзининг ижтимоий сиёсати доирасида саккиз нафар имконияти чекланган юртдошларимизни иш билан таъминлади. Хусусан, Тошкент аэропортида фаолият юритувчи “Uzbekistan Airports Handling” МЧЖ компаниясининг аэропорт терминали хизматига эшитиш қобилияти чекланган шахслар юк аравачаси оператори сифатида ишга қабул қилинди.
Бугун, пойтахт аэропортида Ўзбекистон карлар жамияти раҳбари Гўзал Шодиева ва Ўзбекистон Авиация ишчилари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси Улуғбек Назиров иштирокида ушбу ходимларни ишга қабул қилишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Янги ходимларга касаба уюшма аъзоси гувоҳномалари тантанали равишда топширилди.
Бундан ташқари, “Uzbekistan Airports” АЖ ва Ўзбекистон карлар жамияти вакиллари йўловчилар билан бевосита ишловчи ходимларни, жумладан йўловчи ташиш хизмати ва ахборотни қўллаб-қувватлаш агентларини имо-ишора тилига ўқитишга келишиб олдилар. Бугунги кунда, бу компания учун ногиронлиги бўлган шахсларга қулай муҳит яратиш бўйича муҳим ташаббусдир.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент халқаро аэропортида реконструкция ишлари доирасида ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус жиҳозлар ўрнатилмоқда. Хусусан, кўзи ожиз ва кўриш қобилияти чекланган шахслар учун қулай муҳитни ташкил этиш мақсадида тактил техник воситалар ҳамда барча тоифадаги ногиронлар учун ахборот терминаллари, тактил пиктограммалар ва кўрсаткичлар, товушли ва тактил мнемоник схемалар, шунингдек, ёрдам чақириш тугмалари жойлаштирилди. Мазкур воситалар имконияти чекланган йўловчиларга қулайлик яратиш учун хизмат қилиб келмоқда,- дейилади хабарда.