Гуржистон хавфсизлик кучлари 28 ноябр, пайшанба куни кечқурун Тбилиси марказида тўпланган намойишчиларга қарши сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди. Гуржистон Ички ишлар вазирлиги махсус воситалардан фойдаланиш ҳақида огоҳлантириб, митинг «йиғилишлар ва намойишлар тўғрисидаги қонун доирасидан ташқарига чиққанини» маълум қилди.
Намойишчилар парламентга туташ ҳудуддан сиқиб чиқарилди. Айрим намойишчилар Гуржистон парламенти олдидаги майдонга қайтишга ҳаракат қилмоқда. Бир қанча намойишчилар гимназия яқинида тўпланиб, баррикадалар ўрнатишга киришдилар, деб хабар бермоқда Paper Kartuli Telegram-канали. Гуржистон пойтахти марказида вақти-вақти билан намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар кузатилмоқда. Ички ишлар вазирлигининг хабар беришича, намойишчилар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томон турли хил нарсаларни улоқтирган, натижада ИИВнинг уч нафар ходими жароҳатланган. Улардан икки нафари касалхонага ётқизилган. Намойишчиларнинг баъзилари дубулға билан жиҳозланган, уларнинг бир қисми ниқоб таққан.