Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари томонидан "Ташаббусли бюджет" лойиҳасининг 2024-йилдаги икки мавсуми якунлари ва ташаббус кўрсатишда ижтимоий-иқтисодий омилларнинг аҳамияти таҳлил қилинди.
"Ташаббусли бюджет" лойиҳасининг 2024- йилдаги икки мавсумида жами 63049 та ташаббусдан 52261 таси (82,9 фоиз) саралашдан ўтиб, 20,82 млн. овоз тўпланиши ҳисобига 4774 та лойиҳа ғолиб бўлди.
Асосий ижтимоий-иқтисодий омиллар (тадбиркорлик, ишсизлик, аҳоли зичлиги) ҳамда “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг кўрсаткичлари ўртасидаги боғлиқлик таҳлилига кўра:
- аҳоли жон бошига тўғри келадиган тадбиркорлар сонининг ташаббуслар (лойиҳалар) сони билан ижобий боғлиқлиги (корреляция коэффициенти 0,51 га тенг);
- тадбиркорлар сонининг ғолиб ташаббуслар сони (0,61) ва суммаси (0,71) билан ижобий боғлиқлиги (ташаббусларнинг муваффақиятли бўлиши тадбиркорлар сонига боғлиқ);
- ишсизлик даражасининг ғолиб ташаббуслар сони (-0,35) ва жами ташаббуслар сони (-0,31) билан салбий боғлиқлиги (ишсизлик даражаси юқори бўлган аксарият ҳудудларда ташаббуслар сони кам);
- аҳоли сонининг барча овозлар сони (0,77), ташаббуслар сони (0,58) ва ғолиб ташаббуслар суммаси (0,87) билан ижобий боғлиқлиги (аҳолининг кўплиги ташаббусларга қизиқишни ва уларнинг муваффақиятини орттиради);
- шаҳарларда ташаббусларнинг муваффақиятига тадбиркорлик ва ишсизлик даражасининг таъсири, қишлоқларда эса аҳоли сонининг таъсири салмоқли эканлиги аниқланди.
Ташаббусларнинг самарадорлигини баҳоловчи муваффақият индекси таҳлилига кўра:
- соғлиқни сақлаш (26,0) ва олий таълим муассасаларини таъмирлаш (20,4) ҳамда умумтаълим муассасаларини таъмирлаш (17,2) йўналишлари энг муваффақиятли ташаббуслар бўлган бўлса, кўча чироқларини ўрнатиш (1,4), маҳалла гузарини таъмирлаш (1,3) ва болалар майдончаларини барпо этиш (1,0) нисбатан камроқ муваффақиятга эришган;
- ҳудудлар бўйича муваффақият индексининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент вилоятида (11,6), энг минимал кўрсаткичи эса Хоразм вилоятида (5,0) қайд қилинган;
- кичик маъмурий бирликлар бўйича Каттақўрғон шаҳрида (19,1) энг юқори, Тупроққалъа туманида (2,6) энг кам кўрсаткич қайд этилган;
- муваффақият индекси шаҳарларда туманларга нисбатан каттароқ бўлиб, ТОП-20 талик ҳудудларга Бекобод, Нурафшон, Олмалиқ, Наманган, Чирчиқ, Хонобод, Ширин, Ангрен шаҳарлари кирган.
Тадқиқот натижалари “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг 46-мақсадини амалга оширишда ташаббусларнинг самарадорлигини кучайтириш учун муҳим амалий аҳамият касб этади.