Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Суриядан қайтган аёллар Президентга мурожаат билан чиқди (+видео)

Суриядан қайтган аёллар Президентга мурожаат билан чиқди (+видео)

“Тонгда кўзларимни очаман атроф тинч, хаёл суриш, орзу-ниятлар қилиш мумкин. Кечагина уруш – жаҳаннамда эдим, орзу қилиш у ёқда турсин, кўзларимни очишга-да қўрқар эдим...” 

Суриядан қайтган, бугун Ўзбекистон фуқаролиги паспортини олган 16 ёшли Самиянинг сўзлари... 

Гул нима эканини умрида кўрмаган болалар борлигини биласизми? 

Ўт-ўланларни ейишга яроқли озуқа деб тушунган болаларни-чи? Яқиндагина Суриядан қайтган болалар уруш ўчоқларида сарсон-саргардон юриб, очарчиликда ўт-ўланларни қовуриб-қайнатиб еб кун кўришга мажбур бўлишган экан. 

Туғилгандан урушдан бошқа нарсани кўрмаган 1,5 ёшли қизчанинг онаси уни бир ҳафталар ўтиб, одамларга қўшилишни ўргангани ва ўт ейишни ташлаганини айтади. 

Уруш даҳшатларида оналар бағриларига отилиб юрган болалар бугун оналари бағридан қочиб чиқиб ўйнаб юрибди.

“Сурия қамоқхоналарида фарзандли бўлдим”

Андижонлик 25 ёшлар атрофидаги аёлнинг айтишича, у Суриядаги қамоқхонада фарзандини дунёга келтирган. Бир ярим ёшга тўлай деган болакай Ўзбекистондан ёрдам боргунча ёруғ оламни кўрмаган ва қамоқхонанинг қоронғи, зах хоналарида катта бўлган. 

Яна бир уруш ўчоғидан қайтган ватандошимиз “Тинч ҳаёт нима эканини унутган эдик. Кўз ўнгимизда қанчадан-қанча одамлар жон берди. Яраланганларга ёрдам бериш, нобуд бўлганларни кўмиш ҳам хавфли эди”, дейди. 

Ўн кундан ортиқ кун давомида «уруш ўчоғи»дан қайтган мактаб ёшидаги болалар билан шуғулланган психолог Барно Қурбонованинг айтишича, болалар аввалига ёруғликка, тинч ҳаётга кўникишлари оғир бўлган. Уларда яна тинч ҳаёт ортидан қўрқинчли кунлар келади, деган хавотир бўлган. Уларга Мактабгача таълим вазирлиги томонидан велосипед ва бошқа ўйинчоқлар совға қилингач, ўйинчоқларга ҳам секин кўника боришган. Болаларда қўл маторикаси ривожланмаган бўлса-да, кўпчилиги араб, инглиз тилларини ўзга юртда яхши ўзлаштирган. Бир ҳафталар ичида болалар салом беришни, сўрашишни ўрганишди, дейди амалиётчи психолог.

Суриядан қайтган аёлларнинг кўпчилиги бугун яна ўша уруш даҳшатларини ёдга олишни исташмади. Кечаги кунлари даҳшатли тушдек, ортда қолганидан хурсанд бўлиб, Дамашқда Ўзбекистон байроғи тасвири туширилган самолётни кўришлари билан унга эсон-омон етиб олишни Аллоҳдан сўраб ёлворишганини айтишади. 

“Ўзбекистон самолётини кўриб, ичимда умид уйғонди. Шу самолётга ета олармиканман, деган қўрқув мени тарк этмасди. Самолётга чиқиб, Тошкентга келгач эса ҳаммаси ортда қолганига ишондим”, дейди янгийўллик яна бир аёл. 

Улар моддий ёрдам билан таъминланадими?

Бугун бу даҳшатлар ортда қолди. 100 дан ортиқ ватандошларимизга руҳий-ижтимоий ёрдам кўрсатилиб, 11-12 июнь куни уларга паспорт ва туғилганлик ҳақида гувоҳномалар топширилди. 

Юртдошларимизни ўз уйларига кузатиш учун вилоят ҳокимлиги, Хотин қизлар қўмитаси вакиллари етиб келди. Ўзга юртда сарсон-саргардонликда бўлган ҳамюртларимизга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан 16 ёшгача бўлганларга 1 миллион, ундан катталарга 2 миллион сўм миқдорида пул маблағлари топширилди. 

Вилоят ҳокимлиги томонидан болаларни уй манзили бўйича боғча, мактабга жойлаш аёлларни ҳунарга ўргатиш ва иш билан таъминлаш масалалари ҳал этилиши белгиланди. 

Фуқаролик паспортларини қўлга киритган аёллар тикувчилик, ошпазликка ўқиш, ишга жойлашиш борасидаги режалари борлигини айтишди. Туғилганлик ҳақида гувоҳнома олган ўсмирлар қайси ўқув юртида таҳсил олишни ҳам режалаштиришга улгуришибди. 

Суриядан қайтган юртдошларимизга шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни топшириш маросимида қатнашган Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг айтишича, уруш ўчоқларидан қайтган ҳамюртларимизга халқаро конвенцияларда кўрсатилган ҳуқуқий меъёрлар асосида ёрдам кўрсатилган.

“Суриядан қайтган фуқароларимизни жамиятимизга интеграция қилиш бўйича БМТ ва ЮНИСЕФнинг юқори малакали мутахассислари, Хотин-қизлар қўмитаси, мактабгача таълим, халқ таълими вазирлиги вакиллари, диний қўмита ходимлари икки ҳафта давомида иш олиб борди. 

Ҳозирда мутахассисларнинг хулосаларига кўра, Суриядан қайтган ҳамюртларимиз жамиятга қўшилишга, интеграция қилишга тайёр. 

Уларнинг кўпчилиги ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлганликлари сабабли барча Ўзбекистон фуқаролари билан тенг равишда, қонунчилик асосида уларга ижтимоий ёрдам пуллари белгиланади. Ундан ташқари, аёлларни иш билан таъминлаш бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги шуғулланади. Узоғи билан бир ой ичида улар иш билан таъминланади, яъни доимий даромадга эга бўладилар. 

Мактаб ёки боғча ёшидаги болалар билан ҳам алоҳида шуғулланилиб, уларнинг ижтимоийлашуви масаласи кўрилади. Ҳозирданоқ уларни интеграциялашуви бўйича мутахассислар шуғуллана бошлашган. Эндиликда барчаси Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаролари. Биз Суриядан қайтган юртдошларимизга ёрдам кўрсатишдан аввал халқаро интеграциялашув ва социялизациялашув бўйича тажрибаларини ўргандик. 

Фикримча, уларнинг жамиятимизга қўшилишларига тўсқинлик қилаётган муаммолар йўқ. Халқаро тажрибаларга кўра уруш ўчоқларидан келган фуқароларга ижтимоий ҳимоя ва ёрдам 6 ойдан бир йилгача бўлган муддатда давом этади. 

Биз эса бир йил давомида уларни ижтимоий ҳаётга кўникишларига ва иш, ўқишга жойлашишларида ёрдам кўрсатамиз”, дейди Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов.

Суриядан қайтган аёллар Президентга нега мурожаат қилди?

Ўн кун давомида “Бўстон” санаторийсида реабилитацияда бўлган Суриядан қайтган аёлларнинг 10 нафари Ўзбекистон Республикаси Президентига ташаккурномалар ёзиб берган. 

Республика маънавият ва маърифат маркази ходими Мағфират Зикированинг айтишича, улардан ҳеч ким миннатдорчилик хати ёзишни сўрамаган. 

“Нақд жаҳаннамнинг ўзидан қайтган юртдошларимиз ватанда ижтимоий ҳимоя кўрсатилганидан хурсанд. Уларнинг кўпчилиги ўз ватанида шундай муносабатда бўлишларини кутмаган экан”, дейди Мағфират Зикирова. 

Айрим юртдошларимиз Суриядан қайтган ватандошларимиз ижтимоий ҳимояга олинганидан норози ҳам бўлди. Уларга жиноятчидек муносабатда бўлиш керак, деган қарашларни ҳам кузатдик, аммо масалага жиддий ёндашсак, бу инсонларни уруш ўчоқларига етаклаган турли сабаблар бисёр. 

Бу борада Президент Шавкат Мирзиёев “Уят бўлса ҳам айтиш керак, 156 нафар Сурияга кетганлар нима учун кетган? Кимни излаб кетган? Тан олиш керак, биз уларга шароит яратиб бермаганимиз учун кетган! Мен конституцияга кўра уларга чора кўришим керак аслида. Лекин ундай қилмайман. Чунки улар ўзбек, бизнинг Ватандошларимиз!

Уларни Ватанга олиб келиш азоб бўлди. Жуда оғир бўлди. Биз ҳаммамиз бу ҳолатни чуқур ўйлашимиз керак”, деган эди. 

Нима бўлганда ҳам бугун ўзбек фарзанди Сурия саҳроларида оч-наҳор қолиб кетмади. Улар қайтарилмоқда. Урушли юртда фарзанди фақат омон қолишини ўйлаган оналар бугун уларнинг келажакда ким бўлиши ҳақида орзулар қилмоқда. 

Киритилди: 13:52 18.06.2019. Ўқилди: 5388 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!